РФ Фуқаролик жамияти ва Инсон Ҳуқуқлари Кенгаши раҳбари мигрантлар ҳақида

Валерий Фадеев. гражданскийэкзамен.рф сайти фотосурати

Россия президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамияти ва Инсон Ҳуқуқлари Кенгаши (ИҲК) раҳбари Валерий Фадеев Россияда меҳнат мигрантлари «этник анклавлар» ташкил этаётгани, уларнинг айримлари хатти-ҳаракати ижтимоий кескинликни келтириб чиқараётганидан хавотир билдирди. Бу масала 2 октябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган МДҲда ягона меҳнат бозорини барпо этиш шароитида миграция сиёсатини такомиллаштиришга бағишланган давра суҳбатида кўтарилди, деб хабар беради ИҲК Telegram-канали.

Фадеевнинг тушунтиришича, кўпинча бу «этник анклавлар»да тошкентлик зиёлилар эмас, балки «чекка қишлоқлар турмуш тарзи»га кшниккан одамлар яшайди.

«Ижтимоий таранглик мана шу ерда пайдо бўлади. Бу маданият, тил ва ўзаро муносабатлар масаласидир. Метрода кимдир жойнамоз тўшаса ёки микроавтобус ҳайдовчиси намоз ўқий бошласа, бу деярли ёввойи ҳолатдек кўзга ташланади», — деди ИҲК раҳбари.

У намоз ўқишга қарши эмаслигини, бироқ Фадеев ислом дини етакчилари билан маслаҳатлашганидан сўнг аниқлашича, жамоат жойларида намоз ўқиш замон руҳига ҳам, Пайғамбар С.А.В ўгитларига ҳам тўғри келмаслигини қўшимча қилди.

Россиялик мулозим ўз нутқида яна бир долзарб масалага тўхталиб ўтди. Унга кўра, Россияда бир неча юз минг муҳожир фарзандлари мактабга бормайди. Фадеев буни «қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат» деб атади, зеро Россия ва Ўзбекистон конституцияларида барча фуқаролар умумий ўрта таълим олиши шартлиги аниқ белгилаб қўйилган.

«Биз уларга рус тилини ўз мамлакатида ёки истисно ҳолларда Россияда ўргатиш механизмларини кўриб чиқишимиз керак», — деган таклифни илгари сурди Кенгаш раҳбари.

Шу билан бирга, Инсон Ҳуқуқлари Кенгаши раҳбари меҳнат миграцияси ҳар икки давлат учун ҳам муҳим эканини таъкидлади. У келтирган статистик маълумотларга кўра, ҳозирда Россияда 2 миллионга яқин ўзбекистонлик меҳнат қилмоқда. Ўтган йили улар ватанига тахминан 11,5 миллиард доллар жўнатган, бу Марказий Осиё республикаси ялпи ички маҳсулотининг 9 фоизини ташкил қилади.

Шу билан бирга, чет эл ишчи кучи Россия учун ҳам фойдали, чунки мигрантлар турли бозорларда иштирок этмоқда, қўшимча қийматли маҳсулотлар яратиб, иқтисодиётга ҳисса қўшмоқда.

Бироқ, Ўзбекистон расмийлари бошқа рақамни келтирди. Миграция агентлиги директори Беҳзод Мусаев давра суҳбатида таъкидлашича, Россияда 1,3 миллионга яқин Ўзбекистон фуқаролари меҳнат қилмоқда. Бироқ, бу кўрсаткичлар мавсум ва талабга қараб ўзгарувчан бўлади. Табиийки, қишда мигрантлар сони қисқаради, дея тушунтирди расмий.

Шу билан бирга, Ўзбекистондан ишчи кучига талаб юқори. Бу йил Россия компаниялари 150 000 дан ортиқ мигрантни ишга олиш учун ариза топширган, улардан 100 000 дан ортиғи Россияга уюшган ҳолда жўнатилган. Бундан ташқари, чет элликлар нафақат қурилиш ва уй-жой коммунал хўжаликларида, балки йирик корхоналарда – «Газпром» ва «Лукойл»дан тортиб, «КамАЗ» ва «АвтоВАЗ»гача ишлашади.

  • Марказий Осиё футболи учун Россия терма жамоасидан нима фойда борлиги ва «Марказий Осиёликларнинг ўзаро кураши» қандай якунланиши ҳақида

  • ШҲТ саммити тадбирларида иштирок этиш учун 20 га яқин давлат раҳбарлари Самарқандда йиғиладилар

  • Наманганлик фермерлар ўз ҳақ-ҳуқуқлари ва даромади йўлида маҳаллий ҳокимият органлари билан курашмоқда. Ҳозирча ютуқдан дарак йўқ

  • Тошкентда бўлиб ўтадиган Халқаро конференцияда олий мартабали меҳмонлар иштирок этадилар