ОАВ: Афғонистоннинг энг бой одамларидан бири «Аббос-доллар» Ўзбекистонда ҳибсга олинди

Аббос Ибраҳимзода. amu.tv сайти фотосурати

Афғонистон парламенти раисининг собиқ ўринбосари, Балх вилоятидан собиқ депутат, Афғонистоннинг йирик тадбиркорларидан бири Аббос Иброҳимзода (Abbas Ibrahimzada) Тошкентда ҳибсга олинди. Бу ҳақда Amu.tv ўз манбаларига таяниб хабар берди.

Унинг манбаларига кўра, Иброҳимзода 24 сентябрь оқшомида бизнесдаги рақобатчилари томонидан берилган кўплаб шикоятлар ортидан қўлга олинган ва 350 минг доллардан ортиқ гаров пули қўйганига қарамай, ҳибсда қолмоқда.

Ҳозирча Ўзбекистон расмийлари бу борада расмий изоҳ бермаган.

ℹ️ Аббос Иброҳимзода — ҳазора миллатига мансуб тадбиркор ва сиёсатчи. 1990 йилларнинг бошидан Афғонистоннинг энг йирик тадбиркорларидан бири бўлган, Балх вилоятидаги пул алмаштирувчилар уюшмасини бошқаргани учун унга «Аббос-доллар» лақаби берилган. У асос солган Ibrahimzada Group йигирмадан ортиқ ширкатни бирлаштирган, Балхдаги хусусий телевидение тармоғини назорат қилган, таълим ва хайрия ишларига сармоя киритган. Хусусан, Ibrahim Zada Group Charity Foundation хайрия фонди аёлларга саводхонликни ўргатиш билан шуғулланган. Гуруҳга бутун мамлакат бўйлаб учта университет (иккитаси Балхда, биттаси Кобулда), иккита коллеж ва 30 та ўрта мактаб, шунингдек, Мозори Шарифда 200 ўринли замонавий шифохона қарашли бўлган. (Толиблар* ҳокимият тепасига келгач, кўплаб мактаблар ёпилган, чет эллик ўқитувчилар кетишган ва ўқитувчилар маошлари тушиб кетган).

Иброҳимзода икки марта Афғонистон парламентининг қуйи палатаси – Волеси Жирға депутати этиб сайланган. 2019 йили у Ҳизб-и-Ваҳдати Навини Афғонистон (Янги Афғонистон Бирлик партияси) ташкилотига асос солган, бу партия Афғонистондаги шиа ҳазоралари орасида учинчи йирик партияга айланган. Партиянинг бир миллионга яқин тарафдорлари бўлган, парламентда вакили бўлган ва ижтимоий тармоқларда машҳур бўлган.

Республиканинг сўнгги йилларида Иброҳимзода Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистондан бензин ва газ, минерал ўғитлар, қурилиш материаллари етказиб бериш билан шуғулланган. Унинг Ўзбекистон билан чегарадош Ҳайратон шаҳридаги бензин ва газ омбори 50 минг тоннадан ортиқ сиғимга эга бўлган.

2021 йилнинг ёзида Иброҳимзода қуролли кучлари икки ой давомида Мозори Шарифни толиблардан ҳимоя қилган. Толиблар мамлакатда ҳокимиятни қўлга киритгач, Иброҳимзода Афғонистонни тарк этиб, Туркияда яшай бошлаган.

Тошкентга қачон кўчиб келгани номаълум.

Amu.tv хабарига кўра, сўнгги тўрт йил ичида Иброҳимзода Ўзбекистон иқтисодиётига, биринчи навбатда, транспорт ва ун саноатига 50 миллион доллардан ортиқ сармоя киритган.

2023 йили толиблар Афғонистондаги тадбиркорнинг 19 та тижорат мулкини, жумладан олтита ёқилғи қуйиш шохобчаси, иккита касалхона, бир телеканал, иккита озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш заводи, бешта савдо маркази, иккита турар-жой мажмуаси ва «Ҳайратан» станциясидаги саноат объектини муҳрлаб қўйган.

*Кўпгина мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот.