Azon.uz сайти асосчиси икки ярим йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Мубашшир Аҳмад. uznur.uz сайти фотосурати

Azon.uz диний сайти асосчиси Мубашшир Аҳмад (асл исми Алишер Турсунов) икки йилу олти ойга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди маълум қилди.

Ҳукм 8 октабр куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа туман судида эълон қилинди. Мубашшир Аҳмад Жиноят кодексининг учта моддаси билан айбдор деб топилди:

▪️ 156-модданинг 2-қисми («Миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни қўзғатиш»);

▪️ 244-1-модда 3-қисмининг «г» банди («Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш»);

▪️ 244-3-модда («Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш»).

Мубашшир Аҳмад жазони умумий режимдаги колонияда ўтайди.

Суд, шунингдек, унинг ижтимоий тармоқлар ва YouTube видео порталидаги саҳифалари ва каналларини (Mubaşşir Ahmad ва Azon Global — Муқобил ахборот-таҳлилий канал) блоклашни буюрди.

ℹ️ Мубашшир Аҳмад 2017 йили Azon.uz ахборот-таҳлилий порталини яратган. Ресурс Ислом динига оид янгиликлар ва мақолаларни чоп этишга ихтисослашган. Нашрнинг айрим материаллари расмийлар томонидан танқид қилинган. 2023 йил август ойида Azon медиа гуруҳи барча лойиҳаларини тўхтатди. Ноябрь ойида бир неча тилларда фаолият юритувчи Azon Global портали ишга туширилган. 2023 йил декабрида Аҳмад Туркия ҳукумати томонидан ҳибсга олинган ва депортация марказига жойлаштирилган, 2024 йил февралида у ердан озод қилинган. Орадан бир йил ўтиб, 2025 йил февралида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги уни тақиқланган ташкилотлар тузиш ва уларда қатнашишда айблаб, қидирув эълон қилган. Май ойида Туркия ҳукумати уни ватанига депортация қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда фақат 42 дона юз йиллик дарахт қолган. «Фарғона» ҳали кеч бўлмасидан уларни кўриб чиқишга уринди

  • Ўзбекистонда миллион дастурчи тайёрлаш бўйича вазифани қандай қилиб бажаришаётганлари ҳақида

  • Блогер Умид Ғофуров мулозимлар қандай қилиб бир пайтлар кўм-кўк бўлган шаҳарни чўлга айлантираётганларини кўрсатади

  • Тошкент илк бор ўз ҳарбийларини Москвадаги Ғалаба парадига юборди. У ерда аскарлар қўшнилар билан қўшилиб кетди