Ўзбекистонда фавқулодда вазиятлардан ҳимояланишнинг проактив тизими яратилади

Ўзбекистон ФВВ раҳбари Ботир Қудратхўжаев. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистонда фавқулодда вазиятларни олдиндан баҳолаб, тезкор ва проактив ишлайдиган тизими яратилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш тизимини такомиллаштиришга оид тақдимотда айтиб ўтилди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.

Тақдимотда жамоат хавфсизлиги соҳасида 30 дан ортиқ қонун ҳужжатлари мавжудлигига қарамай, фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилишнинг комплекс дастури ҳали ишлаб чиқилмагани қайд этилди. Хусусан, бундан ўн олти йил аввал қабул қилинган «Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида»ги қонун бугунги кун талабларига жавоб бермайди.

Вазият таҳлили шуни кўрсатдики, ҳозирда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича профилактика ишлари асосан давлат идораларида амалга ошириляпти. Лекин бундай ҳолатларнинг 70 фоиздан ортиғи аҳоли хонадонларида носоз, муддати ўтган газ ва электр жиҳозларидан фойдаланиш, хавфсизлик маданиятига риоя қилмаслик оқибатида юзага келяпти.

Шунинг учун тизим ишини маҳаллаларда ташкил этиб, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, хавфсизлик маданиятини ошириш бўйича чора-тадбирлар билан ҳар бир маҳалла, ҳар бир кўча ва хонадонни қамраб олиши зарурлиги таъкидланди.

Рақамли технологиялар ва замонавий техник жиҳозларни жорий этишнинг сустлигига алоҳида эътибор қаратилди. Шу боис, соҳада рақамли инфратузилма яратиш, фавқулодда вазият ҳақида хабар беришдан бошлаб, уни тўлиқ бартараф этишгача бўлган ҳамма жараёнларни рақамлаштириш, шунингдек, янги ишлаш механизмларини жорий этиш бўйича топшириқ берилди.

Фавқулодда вазиятларни тезкор бартараф қилиш учун замонавий техника ва жиҳозларни кўпайтириш, уларни республикада ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Шунингдек, кадрлар салоҳиятини ривожлантириш зарурати ҳам муҳокама қилинди. Шу муносабат билан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида дуал таълимни йўлга қўйиш ва малака ошириш марказини ташкил этиш, профессионал қутқарувчиларни тайёрлаш, ўқитиш ва илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтириш режалаштирилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ