Жаҳон банки Ўзбекистонда камбағалликка қарши кураш ва савдони кенгайтириш учун 800 млн доллар кредит ажратади

xs.uz сайти фотосурати

16 октябрь куни Жаҳон банки Ижроия директорлари кенгаши Ўзбекистон учун тузилмавий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун имтиёзли кредитлар кўринишидаги 800 миллион долларлик молиявий пакетни маъқуллади, деб хабар беради ЖБ матбуот хизмати.

Маблағлар ҳукуматга узоқ муддатли шартларда паст фоиз ставкалари билан берилади. Жаҳон банки кредитлаш шартлари халқаро молия бозорларида мавжуд бўлганларга қараганда анча қулайроқ эканини таъкидлайди.

Кредитлар қуйидаги давлат сиёсатини амалга ошириш учун ишлатилади:

▪️ Энергия тарифлари ошишининг кам таъминланган уй хўжаликларига таъсирини юмшатиш,

▪️ Аёлларни иш жойида таъқиб ва ​​зўравонликдан ҳимоя қилиш,

▪️ Аҳолининг заиф қатламлари учун ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш,

▪️ Телекоммуникация, қишлоқ хўжалиги ва энергетика соҳаларида рақобатни кучайтириш.

Хусусан, кам таъминланган оилаларга электр, иссиқлик ва газ тарифларининг ўсишини компенсация қилиш учун йиллик тўловларни 270 минг сўмдан (22 доллар) 1 миллион сўмга (82 доллар) ошириш кўзда тутилган.

Мамлакатда аёлларни иш жойидаги жинсий тегажоқлик ва зўравонликдан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланади. Иш берувчиларга аёлларни ишга қабул қилишдан бош тортиш, уларнинг иш ҳақини камайтириш, ҳомиладорлик ёки туғиш муносабати билан ишдан бўшатиш тақиқланади.

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож гуруҳлари аккредитациядан ўтган хусусий ва нодавлат ташкилотлар орқали ижтимоий хизматлардан кенг фойдаланиш имкониятига эга бўлади.

Давлат корхоналарини янада самарали бошқариш ва хусусийлаштириш мақсадида Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси ташкил этилади. Мустақил телекоммуникация регуляторининг яратилиши мобил ва кенг полосали интернет бозорларида давлат компанияларининг ҳукмронлигини чеклаш ва соҳага хусусий сармояларни жалб қилиш имконини беради.

Қишлоқ хўжалигида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қишлоқ хўжалиги рискларидан суғурта қилиш тизими жорий этилади. Пахтачилик соҳасини ислоҳ қилиш давом этади: пахта харид қилиш нархлари янада мослашувчан бўлади, тўқимачилик корхоналарига хомашёни воситачиларни четлаб ўтган ҳолда тўғридан-тўғри исталган фермер хўжалигидан сотиб олиш ҳуқуқи берилади.

Ташқи савдо соҳасида Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлишини тезлаштиради ва экспорт тартиб-қоидаларини соддалаштиради, жумладан, айрим товарларни экспорт қилишга рухсат беришни бекор қилади. Энергетика, нефть-газ, кимё ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги айрим компанияларга илгари берилган эксклюзив ҳуқуқлар ҳам бекор қилинади, бу эса рақобатни ривожлантириши керак.

Энергетика соҳасида электр энергиясини тақсимлаш бозори хусусий инвесторлар учун очилади. Қайта тикланадиган энергия манбаларини мустақил ишлаб чиқарувчиларга тўғридан-тўғри истеъмолчиларга сотиш ҳуқуқи берилади. Бу «яшил» энергия ўсишини рағбатлантириши ва тармоқни модернизация қилишга инвестицияларни жалб қилиши керак.

Энергияни тежовчи лойиҳаларга хусусий инвестицияларни жалб қилиш учун мамлакатда Энергия самарадорлиги миллий агентлиги ташкил этилади. Қуёш энергетикасини ривожлантириш, иссиқлик насосларини жорий этиш, биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш учун молиявий имтиёзлар жорий этилади. Давлат харидлари тизимига бюджет маблағларидан экологик тоза товарлар ва хизматларга устуворлик билан фойдаланишни таъминлаш учун экологик мезонлар киритилади.

✅ Эслатиб ўтамиз, бундан бир йил аввал ҳам Жаҳон банки Ўзбекистонга хусусий секторни ривожлантириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, иқлим ўзгаришига тайёргарлик кўриш учун 800 миллион доллар имтиёзли кредитлар ажратган эди.

ℹ️ Ўзбекистон Жаҳон банки гуруҳига 1992–1993 йилларда қўшилган. 2017 йили Шавкат Мирзиёев ҳокимият тепасига келганидан сўнг Жаҳон банки мамлакатга молиявий ва таҳлилий ёрдамни сезиларли даражада оширди. 2024 йил апрель ҳолатига кўра, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги портфели 12 миллиард доллардан ошади.