Ўзбекистон президенти «Сунъий интеллект альянси» ташкил этилишини маълум қилди

Ўзбекистонда «Сунъий интеллект альянси» тузилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 21 октябрь куни сунъий интеллект (СИ) технологияларини ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилди.

Альянс илғор халқаро тажрибага асосланган ҳолда етакчи компаниялар, банклар, олий ўқув юртлари, давлат корхоналари, шунингдек, хорижий экспертлар ва ҳамюртларни бирлаштиради. Ташкилотнинг асосий мақсадлари халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, PR-кампаниялар орқали ўзбек дастурларини тарғиб қилиш, маҳаллий мутахассисларнинг халқаро кўргазма, форум ва анжуманларда иштирок этишини таъминлашдан иборат бўлади. Альянснинг 2030 йилга бориб сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича дунёдаги энг яхши 50 давлат қаторига кириш мақсадига эришишга ёрдам бериши кутилмоқда.

Йиғилишда сўзга чиққан Мирзиёев инсоният «сунъий интеллект даври»га қадам қўяётганини, сунъий интеллект технологиялари ҳаётнинг барча жабҳаларига кириб бораётганини таъкидлади. Йил бошида 2030 йилга бориб сунъий интеллектнинг глобал бозори 15 триллион долларга етиши прогноз қилинган бўлса, ҳозирда таҳлилчилар бу кўрсаткич 20 триллион доллардан ошишини кутмоқда. Президент хорижий экспертлар Ўзбекистоннинг сунъий интеллектга асосланган хизматлар салоҳиятини 2030 йилга бориб 10 миллиард долларга баҳолаётганини, бу илгари прогноз қилинган 1,5 миллиард доллардан сезиларли даражада ошиб кетганини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистонда ушбу соҳани ривожлантириш бўйича бир қанча қадамлар қўйилди: 2030 йилгача сунъий интеллектни ривожлантириш стратегияси қабул қилинди, Рақамли технологиялар вазирлиги таркибида махсус марказ ташкил этилди, 30 дан ортиқ тажриба лойиҳалари ишга туширилди. Ушбу чора-тадбирлар мамлакатга СИга тайёрлик халқаро индексида 17 поғонага кўтарилиб, жаҳон миқёсида 70-ўрин ва Марказий Осиёда биринчи ўринни эгаллаш имконини берди.

Мирзиёев вазирлар, ҳокимлар ва сектор раҳбарларига ҳафтанинг бир кунини сунъий интеллектни ривожлантиришга бағишлашни топширди. Шунингдек, шаҳар ва туманларда ҳокимнинг рақамлаштириш ва сунъий интеллект масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимини жорий этиш, барча вазирлик ва ҳокимликларда СИни ривожлантириш бўлимларини ташкил этиш тўғрисида буйруқ берилди. Бу бўлимларга фаолият самарадорлиги ва хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, ортиқча харажатларни камайтириш, «яширин» иқтисод, бюрократия каби масалаларга ечим топиш вазифаси юкланади.

Мажлисда сунъий интеллектни жорий этиш бўйича аниқ мисоллар келтирилди. Масалан, Урганч шаҳрида сунъий интеллект асосида ишлайдиган «Ақлли шаҳар» тизими ишга туширилди. У барча асосий шаҳар хизматлари — электр, газ, сув, иссиқлик таъминоти, бошқарув-сервис компаниялари, транспорт, йўл, ободонлаштириш, чиқинди корхоналарини ягона Ситуацион марказига бирлаштирган. Ҳар бир йўналишдан келиб тушаётган мурожаатларни сунъий интеллект асосида таҳлил қилиб, тезкор комплекс ечим бериш йўлга қўйилган. Буларнинг ҳисобидан йилига 16 миллиард сўм (тахминан 1,3 миллион доллар) тежалмоқда. Барча вилоят марказлари ва туманлар ҳокимларига йил охиригача Урганч тажрибасини жорий этиш бўйича топшириқлар берилди.