Қозоғистон Мудофаа вазирлиги Ғарбий Қозоғистон вилоятида келиб чиқиши номаълум бўлган дрон портлаши ортидан ҳаво ҳудуди назоратини кучайтирди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Ҳодиса 23 октабр куни эрталаб Бурлин туманида содир бўлганди. Учиш аппарати қолдиқлари аҳоли пунктларидан ташқарида, чекка ҳудудда топилди, дейди вазирлик. Жабрланганлар ва моддий зарар ҳақида маълумот қайд этилмаган.
Ҳозирда ҳодиса сабаблари ва дроннинг келиб чиқиши ўрганилмоқда.
«Қозоғистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳаво ҳудуди назоратини кучайтириш ва ҳаво объектлари томонидан давлат чегарасини рухсатсиз кесиб ўтиш олдини олиш бўйича қўшимча чора-тадбирларни амалга оширди. Ҳозирда мазкур учиш аппаратига эгалик қилиши мумкин бўлган хорижий ҳамкорлар билан маслаҳатлашувлар олиб борилмоқда», — дейилади матбуот хизмати хабарида.
Ғарбий Қозоғистон вилояти Россиянинг Оренбург вилояти билан чегарадош, у ерда бугун эрталаб дрон ҳужуми хавфи эълон қилинганди. 19 октябрь куни дрон Оренбург газни қайта ишлаш заводига ҳужум қилиб, унинг цехларидан бирига зарар етказганди. Шу сабаб, корхона Қозоғистоннинг йирик Қорачиғаноқ конидан газ импортини бир неча кунга тўхтатишга мажбур бўлди, бу эса ўз навбатида коннинг ўзида ишлаб чиқариш ҳажмининг пасайишига олиб келди.
Қозоғистон ғарбида аввали ҳам дронлар ҳалокатга учраган, аммо бугунги кунгача уларда жанговар каллаклар бўлмаган.