Қозоғистонда Ақтўбе вилоятида 12 кишининг ҳаётига зомин бўлган йўл-транспорт ҳодисаси сабабларини ўрганиш учун ҳукумат комиссияси тузилди. Бош вазир Олжас Бектенов тегишли топшириқ берди, деб хабар қилади Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати.
Комиссия таркибига ички ишлар, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш ва транспорт вазирликлари масъул ходимлари, шунингдек, Ақтўбе вилояти ҳокимлиги раҳбарияти киритилди. Бош вазир ўринбосари Канат Бозумбаев унинг раиси этиб тайинланди.
Бош вазир комиссияга зудлик билан ишни бошлаш, авария сабабларини ҳар томонлама ўрганиш, ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганларнинг оила аъзоларига биринчи навбатда ёрдам кўрсатиш чораларини кўришни топширди, дейилади хабарда.
23 октябрь куни Самара-Чимкент трассасида DAF юк машинаси Жургенев қишлоғидан вилоят марказига кетаётган «ГАЗель» йўловчи микроавтобуси билан тўқнашиб кетган. Ҳодиса Ақтўбе вилоятининг Айтекеби туманидаги Богетсай қишлоғи чеккасида содир бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, юк машинаси қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган. Оқибатда «ГАЗель»нинг иккала ҳайдовчиси ва 10 нафар йўловчиси ҳалок бўлган, беш киши касалхонага ётқизилган.
Ақтўбе вилояти ҳокимлиги маълумотларига кўра, жабрланганларнинг барчаси Хромтау туман касалхонасига етказилган. Шифокорлар улардан уч нафарининг аҳволини оғир, икки нафарининг аҳволини ўртача деб баҳоламоқда. Яна бир киши касалхонага ётишдан бош тортган. Воқеа жойига вилоят ҳокими Асхат Шахаров етиб келган.
Ҳолат юзасидан жиноий иш очилган. «Ҳодиса жойида полиция ходимлари ва тергов-тезкор гуруҳи ишламоқда, ҳодисанинг барча ҳолатлари ўрганилмоқда. Зарурий тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади вилоят ИИБ хабарида.