Бишкек шаҳар суди 2019 йили бўлиб ўтган Қўй-Тош иши бўйича апелляция шикоятларини кўриб чиқишни якунлади. Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаевга нисбатан 11,5 йиллик қамоқ жазоси, давлат мукофотларидан маҳрум қилиш ва мулкини мусодара қилиш ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди. Бу ҳақда Kaktus.media нашри хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, шаҳар суди ҳайъати биринчи инстанция судининг фақат битта қарорини ўзгартирган. Бу «Социал-демократлар» партиясидан парламентдаги собиқ депутат Ирина Карамушкина устидан чиқарилган ҳукмга тегишли. Унинг илгари тайинланган жазо муддати мол-мулки мусодара қилинган ҳолда умумий режимдаги колониядаги 7,5 йиллик қамоқ жазоси 8 йилга оширилди.
3 июнь куни Бишкекнинг Первомайский туман суди томонидан чиқарилган ҳукмнинг қолган қисми ўзгаришсиз қолган. Хусусан, Президент Администрациясининг собиқ раҳбари Фарид Ниёзовга нисбатан 7 йилу 8 ой қамоқ жазоси ўз кучида қолдирилди.
Апелляция муҳокамаси чоғида Ниёзов ишда айбланувчиларнинг ҳеч бири қонунни бузмаганини алоҳида таъкидлади. Унинг айтишича, айбланувчилар тартибсизликлар уюштирмаган, аксинча, оломонни ноқонуний хатти-ҳаракатлар қилишдан тийган.
Президент Администрацясининг собиқ раҳбари ўз нутқида, шунингдек, суд Қирғизистон ҳуқуқ тизими қай даражада бузилганлигини, жумладан, далилларни сохталаштирувчи терговчилар ва ҳеч нарсани кўрмайдиган прокурорларни кўрсатиши кераклигини таъкидлаган.
«Балки 10 йилдан сўнг Қўй-Тош воқеалари айбдорларини топармиз. Элита «Альфа» махсус кучларини ким оёғидан чалгани, уларни ким оломоннинг қаҳрига ташлаб қўйганини аниқлармиз. Биз барчамиз, жумладан, мен ҳам махсус кучларни қутқардик, нафақат олти нафарини, балки Сооронбай Жээнбековнинг (Қирғизистон президенти Атамбаевдан кейин ўринбосар бўлган ва Қўй-Тошдаги тартибсизликлар пайтида мамлакатни бошқарган Қирғизистон президенти – «Фарғона» изоҳи) жиноий ҳаракатлари туфайли шундай аҳволга тушиб қолган барча 50 нафар аскарни қутқардик», — деган Ниёзов.
ℹ️ 2019 йил август ойида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси махсус кучлари Алмазбек Атамбаевни Бишкек яқинидаги Қўй-Тош қишлоғидаги қароргоҳида ҳибсга олишга уринган. Аммо сиёсатчининг тарафдорлари хавфсизлик кучларига қаршилик кўрсатган. Натижада бир махсус кучлар зобити ҳалок бўлган, 100 дан ортиқ одам яраланган.
ℹ️ Қўй-Тош воқеалари бўйича суд жараёни 2022 йили бошланган. Кейинроқ суд жараёнига коррупция билан боғлиқ айбловлар қўшилган. 2023 йил февралида Атамбаев хорижда даволаниш учун ҳибсдан озод қилинади. У Испанияга учиб кетган ва шундан бери ватанига қайтмаган.
Ҳукм 2025 йил 3 июнида чиқарилган. Атамбаев сиртдан 11,5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган, яна бир қанча айбланувчилар қамоқ жазосига ҳукм қилинган, қолганларига эса шартли жазо тайинланган. Ушбу қарорни шарҳлар экан, республиканинг амалдаги раҳбари Садир Жапаров собиқ президент ва унинг тарафдорларини афв этишга тайёр эканини билдирди.