Европа Иттифоқининг Россияга қарши 19-санкция пакетига Қирғизистоннинг иккита банки ва Тожикистоннинг учта банки киритилди. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг расмий журналида чоп этилган ҳужжатда маълум қилинди.
Санкция рўйхатига Қирғизистоннинг «Толубай» ва «Евроосиё жамғарма банки», шунингдек, Тожикистоннинг «Душанбе Сити банк», «Спитамен» ва «Тожикистон Коммерцбанки» киритилган. Ушбу муассасалар билан боғлиқ чекловлар, яъни транзакцияларни тақиқлаш 2025 йил 12 ноябрдан кучга киради.
Европа Иттифоқи ҳужжатида битимлар тақиқланган юридик шахслар рўйхатига учинчи мамлакатларнинг бешта кредит муассасасини қўшиш мақсадга мувофиқ экани айтилади. Хусусан, чекловлар учта тоифадаги ташкилотларга тааллуқли бўлади: Россия кредит ёки молия институтларининг учинчи мамлакатлардаги шўъба корхоналари, Россия молия тизими билан чамбарчас боғланган йирик минтақавий банклар ва Россия иқтисодиёти ва саноати мустаҳкамланишига ҳисса қўшаётган
йирик трансчегаравий тўловларни амалга оширувчи банклар.
Умуман олганда, Европа Иттифоқининг 19-санкция пакети 40 дан ортиқ юридик шахсларни ўз ичига олади, уларнинг ярми Россияга тегишли бўлмаган тузилмалардир. Улар орасида, хусусан, Россиянинг ВТБ банкининг шўъба корхонаси бўлган ВТБ Қозоғистон, шунингдек, Хитойнинг 12 та компанияси бор: улардан еттитаси логистика, савдо ва таъминот занжири бошқаруви билан шуғулланади, учтаси электроника ва бутловчи қисмлар етказиб беришга, иккитаси дастгоҳлар ва нозик маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган.
ℹ️ Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг январь ойида АҚШ Қирғизистоннинг «Керемет Банки»ни Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтишда гумон қилиб, унга нисбатан санкциялар жорий қилган эди.