Мирзиёев камбағалликка қарши курашиш учун Глобал ижтимоий адолат фондини ташкил этишни таклиф қилди

Шавкат Мирзиёев. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев турли мамлакатларда камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий тенгсизликни камайтиришга амалий кўмак берадиган Глобал ижтимоий адолат фондини таъсис этиш таклиф қилди. Давлат раҳбари бу ҳақда Қатар пойтахти Доҳада бўлиб ўтган Ижтимоий ривожланиш бўйича иккинчи Жаҳон саммитида маълум қилди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.

Мирзиёев сўнгги йилларда Ўзбекистон камбағалликни 35% дан 6,6% гача камайтиришга муваффақ бўлганини ва бу соҳадаги ислоҳотлар давом этаётганини таъкидлади. Бироқ, энди бу масала бўйича халқаро ҳамкорликни фаоллаштириш зарур.

«Ривожланаётган давлатларнинг ижтимоий дастурларига ресурсларни кенг жалб этиш мақсадида камбағалликка қарши курашишнинг янги молиявий архитектурасини яратиш вақти келди деб ҳисоблаймиз», — деб таъкидлади президент.

Давлат раҳбари бандлик муаммоларини самарали ҳал қилиш учун замонавий механизмларни жорий этиш муҳимлигини таъкидлади. Бугунги кунда юқори технологиялар ва сунъий интеллектнинг ривожланиши миллионлаб иш ўринларининг йўқолишига олиб келмоқда, бундай шароитда ходимларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий шериклик тамойилларини мустаҳкамлаш учун давлат, бизнес ва жамиятнинг фаол ҳамкорлиги алоҳида аҳамият касб этади.

Президент «Ижтимоий масъулият ва муносиб меҳнат бўйича глобал ташаббус»ни ишлаб чиқиш таклифи қўллаб-қувватланишига умид билдирди.

Унинг сўзларига кўра, ижтимоий муаммоларни ҳал қилишнинг яна бир йўли — барча учун таълим имкониятларини кенгайтиришдир. Экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, саводсизликнинг йиллик иқтисодий зарари 1,4 триллион АҚШ долларини ташкил этади. Бу салбий ҳолат ёшларнинг жамиятда ва меҳнат бозорида ўз ўрнини топишини қийинлаштиради, ижтимоий тенгсизликни эса кучайтиради. Президент Очлик ва қашшоқликка қарши кураш бўйича глобал алянс йиғилишида қабул қилинган қарорларни қўллаб-қувватлади ва кейинги шундай форумни Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қилди.

Мирзиёев меҳнат мигрантлари ва уларнинг оилаларини тизимли ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, мамлакат Халқаро меҳнат ташкилоти билан биргаликда ушбу мавзу бўйича форумни Тошкентда ўтказишга ва тегишли Глобал дастурни тасдиқлашга тайёр.

Президентимиз иқлим ўзгаришининг ижтимоий ҳаётга таъсири тобора кучайиб бораётганини таъкидлади. Экстремал об-ҳаво ҳодисалари, чўлланиш ва биологик хилма-хилликнинг йўқолиши, аввало, аҳолининг заиф қатламлари – фермерлар, мавсумий ишчилар, экологик вазияти мураккаб бўлган ҳудудларда истиқомат қилувчи одамлар ҳаётига салбий таъсир кўрсатмоқда. Иқлим ўзгаришига қарши курашишни бандлик дастурлари билан уйғунлаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўриш зарурлигини таъкидлади. Давлат раҳбари Оролбўйи минтақасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг янги моделини ишга тушириш ниятида эканини маълум қилиб, мазкур тажрибани жаҳон ҳамжамияти билан бўлишишга тайёрлигини билдирди.

Якунда Мирзиёев саммитда қабул қилинган Доҳа сиёсий декларациясини тўлиқ қўллаб-қувватлашини ва унинг барча тамойилларини ҳаётга татбиқ этишга тайёрлигини тасдиқлади.

ℹ️ Ижтимоий ривожланиш бўйича иккинчи Жаҳон саммити Қатар пойтахти Доҳада бўлиб ўтди. Тадбирда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антонио Гутерриш, Қатар Давлати Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний, БМТ Бош Ассамблеяси Раиси Анналена Бербок, БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши раиси Лок Баҳодир Тхапа, шунингдек, давлат ва ҳукумат раҳбарлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари иштирок этди.