Ўзбекистонда прокуратура фаолияти автоматлаштирилади ва жиноий ишлар билан боғлиқ ҳужжатлар рақамлаштирилади

Ўзбекистонда прокуратура фаолиятини автоматлаштириш, шунингдек жиноий ишларнинг барча босқичларини рақамлаштиришга қаратилган ахборот тизимлари мажмуасини жорий этиш режалаштирилган. Тегишли ташаббуслар мамлакат президенти Шавкат Мирзиёевнинг ««Рақамли прокуратура — 2030» стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида акс этган, деб хабар беради республика Адлия вазирлиги.

Унга мувофиқ, қуйидагилар прокуратура органлари фаолиятини рақамли трансформация қилишнинг асосий мақсадлари этиб белгиланди, жумладан:

✅ 2030 йилгача илғор халқаро тажриба асосида прокуратура органлари фаолиятининг барча йўналишларини автоматлаштириш;

✅ тергов ва прокурор назорати жараёнларини электрон шаклга ўтказиш.

Фармонга кўра, Raqamli prokuror ахборот тизимлари комплекси прокуратура органлари фаолиятига жорий этилади. Мазкур тизим давлат органлари ва ташкилотлари томонидан қонунларнинг ижро этилиши, улар томонидан қабул қилинаётган ҳужжатларнинг Конституция ва қонунларга мувофиқлигини масофавий назорат қилиш имконини беради.

Бундан ташқари назорат қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган назорат тадбирларида қонунларга риоя этилиши устидан мониторинг олиб бориш мақсадида «Tekshiruvlarning yagona elektron reyestri» ахборот тизимининг синов версияси ишлаб чиқилади. 2026 йил 1 декабрдан ушбу тизимнинг тўлиқ версияси ишга туширилади.

Шунингдек, фармонга кўра, «E-tergov» ахборот тизими жорий этилади ва унинг асосий вазифалари жиноят иши юритувининг барча босқичларини электрон шаклга ўтказиш, суд экспертизасини онлайн режимда тайинлаш, моддий зарарни ҳисобга олиш ва ундириш жараёнларини мониторинг қилишдан иборат бўлади.

Бундан ташқари, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида 2026/2027 ўқув йилидан ҳар йилги қабул параметрлари (квоталари) доирасида кундузги таълим шаклида ўқиш муддати 4 йилни ташкил этадиган «Киберҳуқуқ» бакалавриат таълим йўналиши жорий этилади.

Мазкур Фармон ва Стратегиядаги вазифаларнинг амалга оширилишини таъминлаш учун Бош прокуратуранинг Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси негизида Бош прокуратуранинг Рақамли технологиялар маркази ташкил этилади.

Президент Шавкат Мирзиёев яқинда масъул вазирлик ва идоралар вакиллари билан учрашувда прокуратура ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари тизимини рақамлаштириш зарурлиги тўғрисида сўз юритганди. Республика раҳбари янги қоидалар жорий этиш долзарблигини бу йили 1300 ҳолатда терговчилар хатолари аниқлангани ва судлар турли камчиликлар туфайли 637 та ишни қайта текширувга юборагани билан изоҳлади.

Шунинг учун, бутун суд жараёни —жиноятга оид хабарлар келиб тушишидан то суд қарори чиқарилгунча қадар бўлган жараённи рақамлаштириш, шунингдек сунъий интеллект технологияларини жорий этишга қарор қилинди. Бундай ёндашув инсон омили таъсирини камайтиради ва давлат органлари ходимлари жавобгарлигини оширади.