Қирғизистон Таълим вазирлиги бутун мамлакат бўйлаб таълим муассасаларида энергия тежамкорлиги режими жорий этилганини эълон қилди. Низомга кўра, ушбу муассасаларда электр энергияси дарслар тугаганидан сўнг ўчирилиши керак, деб хабар беради вазирлик матбуот хизмати.
Аниқлик киритилишича, ушбу чоралар 5 ноябрь куни қабул қилинган электр энергияси тақчиллигини камайтиришга қаратилган ҳукумат қарори асосида кўрилган.
Таълим вазирлигининг маълумотларига кўра, энди мактабларда электр энергияси дарслар тугаганидан сўнг 60 дақиқадан кечиктирмай, шунингдек, синф хоналарини тозалангандан сўнг ўчирилиши керак.
Вазирлик ушбу чекловлар бинони ишлатиш ва техник хизмат кўрсатиш учун ишлатиладиган коммунал тизимлар ва ускуналарга тааллуқли эмаслигини таъкидлайди. Бундан ташқари, ҳукумат қарори ўқувчилар яшайдиган муассасаларга, масалан, ётоқхоналарга таъсир қилмайди.
Бундан ташқари, расмийлар энергия тежамкорлиги режими жорий этилиши муносабати билан мактаб дарслари қисқартирилмаслигини таъкидладилар.
Вазирлик қарори эълон қилинганидан сўнг, Бишкек аҳолиси ижтимоий тармоқларда мактабларда соат 18:00 да электр учирила бошланганидан шикоят қилишди, кечроққа режалаштирилган тушдан кейинги дарслар бекор қилинган. Тўгараклар, секциялар ва мактабдан ташқари машғулотлар учун вазият янада оғирлашган. Ота-оналар мактаб маъмурияти кечки машғулотларни тўхтатиш тўғрисида йиғилишлар ўтказаётганини хабар қилишмоқда. Баъзи бишкекликлар бу вазият бутун қиш ичи давом этишини тахмин қилишмоқда.
Тадбиркорлар ҳам норозилик билдиришмоқда. Масалан, давлат муассасаларида машғулотлар учун жой ижарага олган рақс студиялари эгалари. Соат 18:00 дан кейин электр узилиши туфайли улар машғулотларни бекор қилишга ва даромадларини бутунлай йўқотишга мажбур бўлмоқдалар. Бундан ташқари, биноларда иситиш жиҳозлари ҳам узилиб қолмоқда. Шунинг учун машғулотларини қайта режалаштиришга муваффақ бўлганлар, бир кечада совиган ва кам қувват билан ишлаётган иситгичлари эрталаб деярли фойдасиз эканлигидан шикоят қилишмоқда.
Бишкек шаҳар ҳокимияти аҳоли шикоятларига жавоб берди. Шаҳар ҳокими ўринбосари Виктория Мозгачева аҳолини мактабларни ёпиш масаласи кўриб чиқилмаганига ва барча машғулотлар қатъий белгиланган тартибда ўтаётганига ишонтирди. Расмийнинг сўзларига кўра, мактаб ўқув дастурлари, жумладан, мактабдан ташқари машғулотлар ва қўшимча хизматлар одатдагидек давом этади ва ҳеч ким ҳеч нарсани қисқартирмайди.
Аввалроқ, президент Садир Жапаров Қирғизистондаги энергетика инқирози ҳақида фикр билдирган эди. У ресурслар етишмаслигини ҳисобга олган ҳолда, фуқароларга электр энергиясидан деярли чекловларсиз, лекин юқори нархда фойдаланиш имконини берувчи «чексиз тарифлар» амалиётини бекор қилганини таъкидлади.
Давлат раҳбари энергетика сектори катта қарзга ботгани ва фақат 2027 йилда даромад келтириши мумкинлигини таъкидлади.
Шу билан бирга, Жапаров Қирғизистон фуқароларини импортни камайтириш учун электр энергиясини тежашга чақирди. Президент шунингдек, давлат идораларига кечқурун чироқлар ва барча электр жиҳозларини ўчириш буюрилганини эслатди.



