Қирғизистон президенти мэрларни электрни тежаш бўйича ўтказган қаттиқ рейдлари учун танқид қилди

Ўш мэри Женишбек Токторбаев шахсан рейларда иштирок этди. super.kg сайти фотосурати

Қирғизистон президенти Садир Жапаров мэрларни электр энергиясини тежаш ва жамоат тартибини сақлашга қаратилган тунги рейдлар пайтида ҳаддан ташқари қаттиққўллик қилганликлари учун танқид қилди. Давлат раҳбари бу ҳақда ўзининг Facebookдаги (РФда экстремистик деб тан олинган ва тақиқланган Meta корпорациясига тегишли тармоқ) саҳифасида ёзган.

Президент шаҳар маъмурияти раҳбарларига, хусусан, Бишкек ва Ўш мэрларига мурожаат қилди. У «энергияни тежаш ва жамоат тартибини сақлаш бўйича кўрсатмалар орқали аниқ мақсад қўйилганини: тинчлик ҳақиқатан ҳам бузилаётган жойларда — одамлар спиртли ичимликлар ичадиган тунги клубларда, шунингдек, 200 дан 800 гача одам йиғилиб, тунгача байрам давом этадиган зиёфат залларида тартибни сақлаш лозим»лигини эслатиб ўтди.

Бироқ, Жапаровнинг сўзларига кўра, ушбу кўрсатмалар бажарилиши пайтида «назоратчилар ҳаддан ташқари қаттиққўллик қилгани» аён бўлган. Унинг таъкидлашича, рейдлар давомида «ҳатто овқатланиш жойлари (шу жумладан KFC каби тез овқатланиш тармоқлари) ҳам ёпилган; кафеларда жимгина ўтирган одамлар ҳайдаб чиқарилган, тадбиркорларга қўпол муносабатда бўлишган ва асоссиз уларни электр энергияси ва сув таъминотидан узишган.

Жапаров «бундай ҳаддан ташқари ҳолатларга» чек қўйишни талаб қилиб, энергия тежамкорлигини давлат объектлари ва муассасаларидан бошлаш кераклигини таъкидлаган. Зеро, бу жойларда «давлатнинг ўзи тўлайди» қабилида ёритгич ускуналари кучаю кундуз учирилмайди. «Жимгина ва қонунбузарликларсиз ишлаётган ташкилотларга борманг ва уларнинг фаолиятига халақит берманг!» — деб талаб қилди президент.

Аввалроқ, Бишкек мэри Айбек Жунусалиев янги чекловлар ҳақида изоҳ бераркан, чоралар кўп электр энергияси истеъмол қиладиган йирик тадбирларни ўтказадиган муассасаларга нисбатан қўлланилишини айтган эди. «Тез овқатланиш шохобчалари ва дўконлари бундан мустасно. Бу кўнгилочар жойлар — кафелар, ресторанлар, банкет заллари ва клубларга тегишли. Барча тадбирлар соат 22:00 гача тугаши керак», — деб аниқлик киритганди шаҳар ҳокими ва аҳолини соат 22:00 дан кейин барча юқори қувватли электр жиҳозларини ўчиришга чақирганди.

Бир кун олдин Бош вазир ўринбосари ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Камчибек Ташиев жимлик тўғрисидаги қонунга ва соат 22:00 дан кейин муассасалар фаолиятини чекловчи ҳукумат қарорига қатъий риоя қилишни талаб қилганди. Ўша куни кечқурун Бишкек ва Ўш шаҳарлари мэрияси рейдлар ўтказган, бу пайтда кўплаб овқатланиш муассасалари ва кўнгилочар масканлар соат 22:00 дан сўнг дарҳол ёпилган. (Қуйидаги видеода Ўш мэри Женишбек Токторбаев иштирокидаги рейд кўрсатилган.)

Ушбу воқеалар фонида меҳмонхона ва ресторан соҳасидаги бизнесларни бирлаштирган «Хорека Клуб» ассоциацияси Ташиевга очиқ хат билан мурожаат қилган. Мурожаатда ассоциация электр узилишлари ва иш вақти чекловларининг оқибатларидан хавотир билдирган.

Ассоциация маълумотларига кўра, соҳада 16 772 та корхона фаолият юритади, улар 500 000 гача одамни, асосан ёшларни иш билан таъминлайди. Бундан ташқари, HoReCa корхонаси қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий харидорлари бўлиб қолмоқда ва уларнинг фаолиятининг қисқариши қишлоқ хўжалиги секторига таъсир қилиши мумкин. Бизнес вакиллари жимлик қонунларига риоя қилишларини ва овоз изоляциясига сармоя киритишларини айтишди, аммо текширувлар пайтида «кўпинча объектив шовқин даражаси ўлчалмасдан жарималар қўлланилмоқда».

Ассоциация тунги электрни узиш амалиёти оммавий ишдан бўшашлар, кредитлар тўланмаслиги, солиқ тушумларининг камайиши ва бизнеслар ёпилиши ҳолатларига олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Хатда «тунги электр узилишларини жорий қилмаслик», «шовқинни объектив ўлчаш учун ягона механизм яратиш», «кредит таътиллари ва солиқ имтиёзларини кўриб чиқиш» ва иқтисодиётга зарар етказилишининг олдини олишга қаратилган ечимларни муҳокама қилиш учун «Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ва бизнес вакиллари ўртасида учрашув ташкил этиш» талаб қилинади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ