Мирзиёев ипотека кредитлари ҳажмини 56,7 миллиард долларга етказиш ва Уй-жой бозорини ривожлантириш қўмитасини тузишни буюрди

Шерзод Қудбиев. kun.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ипотека кредитлари портфелини 56,7 миллиард долларгача ошириш ва Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитасини тузишни буюрди.

Президент фармони 2040 йилгача бўлган даврда уй-жой секторини ривожлантириш ва ипотека бозорини мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирларни амалга оширишни назарда тутади. Ҳужжатнинг асосий мақсадлари уй-жой соҳасини барқарор ва мувозанатли ривожлантиришни таъминлаш, 2040 йилга қадар ҳар йили қурилаётган уй-жойлар сонини икки бараварга ошириб, 421 мингтага олиб чиқиш, ипотека кредити портфелини 10 баравардан ортиқ кўпайтирган ҳолда 56,7 млрд АҚШ долларига етказиш белгиланган.

Фармонда уй-жой бозорини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгиланган. Буларга қуйидагилар киради:

▪️ урбанизация ва уй-жой соҳасида давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш;

▪️ «Янги Ўзбекистон» дастури доирасида яшаш шароитларини яхшилаш ва қурилишни кенгайтириш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттириш;

▪️ уй-жой бозорига банк молияси ва инвесторларни жалб этиш;

▪️ улушли қурилишга сармоя киритаётган жисмоний шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;

▪️ уй-жой қурилиши соҳасини «Уй-жойнинг ягона ҳаётий цикли» тамойили асосида комплекс ислоҳ қилиш ва уни амалга оширишдаги тўсиқларни бартараф этиш.

Фармонда 2040 йилгача ипотека кредитлари ва уй-жой дастурларининг ўсиши учун асосий йўналишлар ва мақсадлар тасдиқланган. Хусусан, унда қуйидагилар кўзда тутилган:

▶️ Қурилиш технологиялари, энергия тежамкор ечимлар ва экологик стандартларни ривожлантиришга урғу берган ҳолда, давлат ва хусусий инвесторларнинг маблағларини, шу жумладан ипотека кредитларини қайта молиялаштириш механизмлари орқали жалб қилиш;

▶️ Ўзбекистонда урбанизация, уй-жой бозори ва ипотекаларнинг барқарор ривожланишини таъминлаш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгашни ташкил этиш;

▶️ Урбанизация ва уй-жой бозорининг барқарор ривожланиши бўйича миллий қўмитани ташкил этиш.

Қўмита вазифаларига экологик стандартларни ҳисобга олган ҳолда уй-жой қурилиши шароитларини яхшилаш бўйича ихтисослаштирилган дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, инфратузилмани модернизация қилиш, шунингдек, лойиҳаларни амалга оширишни назорат қилиш ва турли идоралар билан самарали ҳамкорликни таъминлаш киради. Кадастр агентлиги Қўмитага ўтказилади.

Қўмитани ташкил этиш тўғрисидаги қарорда уй-жой қурилиши, қурувчиларни қўллаб-қувватлаш ва янги турар-жой туманлари учун ҳудудларни белгилаш билан боғлиқ барча асосий қарорлар ва қонунлар ушбу идора билан мувофиқлаштирилиши белгиланган. Қўмита 50 нафар аъзодан иборат бўлади ва лойиҳани амалга оширишга Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлар мутахассисларини жалб қила олади. Қўмита иши давлат бюджети ва бошқа қонуний манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

Илгари Солиқ қўмитаси раҳбари лавозимида ишлаган Шерзод Қудбиев Ўзбекистон Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси раиси этиб тайинланди. Солиқ қўмитасига илгари Кадастр агентлигини бошқарган Фаррух Пўлатов раис этиб тайинланди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ