Ўзбекистон қурилиш материаллари саноатида 2,5 миллиард доллардан иборат юздан ортиқ лойиҳаларни амалга оширади

Шавкат Мирзиёев. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон ҳукумати қурилиш материаллари саноатида қиймати 2,4 миллиард доллар бўлган 112 та лойиҳасини амалга оширишни, шунингдек, қиймати 110 миллион доллар бўлган бешта йирик, стратегик аҳамиятга эга корхоналарни ишга туширишни режалаштирмоқда. Бу мамлакатда 13 500 дан ортиқ янги иш ўринларини яратади. 20 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган йиғилишда саноатни ривожлантириш режалари муҳокама қилинди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.

Давлат раҳбари келгуси йилларда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва лойиҳа портфелини 3,5 миллиард долларга етказиш мақсадини қўйди. У бунда ҳар бир вилоят ва туманнинг мавжуд ресурслари, хомашё базаси ва логистика имкониятлари ҳисобга олиниши кераклигини таъкидлади.

Шунингдек, экспортга ҳам эътибор қаратиш керак, зеро қўшни мамлакатларда 4 миллиард доллардан зиёд қурилиш материаллари бозори бор. Бундан ташқари, 26 мамлакатга 9 та маҳсулот экспортини кескин кўпайтириш имкони мавжуд.

Йиғилишда муҳокама қилинганидек, Ўзбекистон аҳолиси сўнгги саккиз йил ичида 6 миллион кишига кўпайди. Янги уй-жойлар, йўллар ва ижтимоий инфратузилма қурилиши мутаносиб равишда кенгаймоқда. Хусусан, ушбу даврда 210 миллион квадрат метр турар-жой ва нотураржой майдонлари фойдаланишга топширилди, 565 минг квартирали кўп қаватли бинолар қурилди, бу аввалги йилларга нисбатан ўн баравар кўп.

Қурилиш материалларининг саноати учун ҳам катта имкониятлар яратилди. Унинг ҳажми сўнгги саккиз йилда 4 баробар ўсиб, жорий йилда 53 триллион сўмга, экспорти эса 1,1 миллиард долларга етиши кутилмоқда. Энг муҳими, бу тармоқ Сурхондарё, Сирдарё, Хоразм ва Жиззах вилоятларининг илгари саноати бўлмаган туманларида иш ўрни ва даромад манбаи яратадиган катта «драйвер» соҳага айланди.

Шу билан бирга, соҳада маҳсулотлар сифати ва стандартларга риоя этиш, логистика масалалари, янги бозорларга чиқиш билан боғлиқ муаммолар сақланиб қолаётгани қайд этилди. Жумладан, ПВХ-қувур, фитинглар, пардозбоп тош ва қурилиш ойнаси ишлаб чиқарувчи йирик корхоналар мавжуд бўлса-да, 2024 йилда ушбу маҳсулотлар катта ҳажмда импорт қилингани кўрсатиб ўтилди.

Тақдимотда каолин захираларидан самарали фойдаланиш масалалари ҳам ўрганилди. Республикада 1 миллиард тоннадан ортиқ каолин бўлишига қарамай, ҳар йили миллионлаб долларлик чинни импорт қилинаётгани қайд этилди. Шу боис, келгуси йилда каолинни чуқур қайта ишлаш бўйича 515 миллион долларлик 40 та лойиҳани амалга ошириш ва 460 нафар мутахассис тайёрлаш режалаштирилган.

Тармоқда энергия самарадорлиги масалалари муҳокама қилинди. Расмийларнинг хабар беришича, 34 та корхонада ўтказилган аудитлар натижасида ишлаб чиқариш учун ёқилғи харажатлари камайган. Ушбу ишларни тизимли равишда давом эттириш, шу билан бирга энергия тежамкор ва экологик тоза қурилиш материаллари улушини келгуси йилда 25% га ва 2030 йилга келиб 35% га ошириш мақсад қилинди.

Илмий салоҳиятдан кенг фойдаланиш ҳам режалаштирилган. Масалан, Тошкент кимё технологиялари институтида Германия, Туркия ва Жанубий Корея мутахассислари иштирокида тўртта қурилиш материаллари лойиҳаси амалга оширилмоқда. Келгуси йилда бундай ташаббусларни молиялаштириш учун 30 миллиард сўм (2,5 миллион доллар) ажратилади.

Корхоналарда рақамли бошқарув ва сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш орқали таннархни 5-10 фоизга қисқартириш мумкинлиги таъкидланди. Бундай тизимлар жорий этиладиган корхоналарни кўпайтириш мақсадида икки йил давомида 100 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.

Мамлакатнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши жараёнида қурилиш материаллари соҳаси ҳам халқаро талабларга мослаштирилмоқда. Ўтган даврда бу борада 125 та халқаро стандарт қабул қилинди. 2026 йили буни 166 тага етказиш муҳимлиги қайд этилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ