Қирғизистон дунёда биринчи бўлиб олтин билан таъминланган давлат стейблкоинини муомалага чиқарди

USDKG стейбкоини ишлаб чиқарилиши.Қирғизистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Қирғизистон олтин билан таъминланган ҳукумат стейблкоинини расман чиқарган дунёда биринчи давлатга айланди. USDKG рақамли токени биринчи эмиссиясининг тақдимот маросими 20 ноябрь куни президент Садир Жапаров иштирокида бўлиб ўтди, деб хабар беради унинг матбуот хизмати.

Маросимда шунингдек, Молия вазири Алмаз Бакетаев ва «Виртуал активлар эмитенти» ОАЖ бошқаруви раиси Бийболот Мамитов иштирок этди. Бу USDKG ишлаб чиққан ва муомалага чиқарган компания бўлиб, у 100% Қирғизистон Молия вазирлигига тегишли.

Маросим иштирокчилари рамзий «старт» тугмасини босишди ва Tron тармоғида 50 миллион USDKG токенларини ишлаб чиқаришни расман бошладилар. Ҳар бир токен бир АҚШ долларига тенг ва тўлиқ жисмоний олтин билан таъминланган.

USDKG олтин ишончлилигини блокчейн технологияси самарадорлиги билан бирлаштирган шаффоф ва хавфсиз рақамли валюта ҳисобланади. Молия вазирлиги ушбу эмиссия рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва мамлакатнинг молиявий суверенитетини мустаҳкамлашга қаратилган синов лойиҳаси доирасида амалга оширилаётганини таъкидлади.

USDKG ишлаб чиқувчилари стейблкоин миллий Web3 инфратузилмасини ривожлантириш учун асос бўлиши, давлат ва хусусий хизматлар учун марказлаштирилмаган ечимларни амалга ошириш воситаси бўлиб хизмат қилишини таъкидламоқдалар. Лойиҳа шунингдек, инвестицияларни жалб қилиш ва технологик ҳамкорлик учун шароит яратишга қаратилган.

Лойиҳа маслаҳатчиси Габриэль Герра USDKG асосан трансчегаравий ўтказмалар учун ишлатилиши режалаштирилганини айтди. Стейблкоин Молия вазирлиги томонидан тақдим этилган 500 миллион долларлик олтин билан таъминланади ва захирани 2 миллиард долларга ошириш режалаштирилган.

Герра USDKG USDT ёки PAXG токенлари каби олтин бозори нархларини кузатиб бормаслигини таъкидлади. Токен 1 USDKG = $1 курси бўйича чиқарилади ва алмаштирилади, тўлиқ олтин билан таъминланади. Стейблкоин эгалари уни жисмоний олтин, бошқа крипто активлари ёки фиат валютасига алмаштиришлари мумкин бўлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ