Россиядаги мигрантлар болаларининг атиги 19 фоизи рус тили имтиҳонидан сўнг мактабларга қабул қилиди. Ушбу статистикани Таълим ва фан соҳасида назорат бўйича федерал хизмат (Рособрнадзор) раҳбари Анзор Музаев келтирди, деб хабар беради РИА «Новости».
Бироқ, мулозим умумтаълим муассасаларига жой олиш учун ариза топширган хорижий вояга етмаганларнинг умумий сонига аниқлик киритмаган.
Музаевнинг таъкидлашича, мигрантлар болалари мактабга қабул қилиниш учун зарур ҳужжатларни тақдим этишлари ва тестлар орқали рус тили билимини намойиш этишлари керак. Ушбу процедуралардан сўнг, болаларнинг атиги 19 фоизи мактабда ўқиш ҳуқуқини қўлга киритган.
«Яъни, уларнинг ҳужжатлари тўғри бўлди ва улар имтиҳондан ўтишолди», — дея аниқлик киритди Рособрнадзор раҳбари.
Унинг қўшимча қилишича, федерал хизмат ўлкалар расмийларидан мактабларга қабул қилиш учун энг кўп ариза топширилган йирик минтақалар бўйича маълумот беришни сўраган. Рособрнадзор раҳбарининг сўзларига кўра, бу масала ўрганиб чиқилмоқда, ўқитувчилар учун нима ўзгарганини, вазият ва болалар ўртасидаги муҳит қандай ўзгараётганини синчковлик билан ўрганмоқда.
Жорий йилнинг сентябрь ойида рус тили тестига қабул қилинган мигрантлар болаларининг атиги 50 фоизи рус мактабларида ўқиш ҳуқуқини қўлга киритгани ҳақида хабар берилган эди. Ўшанда батафсил статистика ҳам тақдим этилган бўлиб, унга кўра хорижий фуқароликка эга бўлган 23 616 бола таълим олиш учун ариза берган. Бироқ, вояга етмаганларнинг атиги 8223 оиласи тўлиқ ҳужжатлар тўпламини топширган. 5940 бола имтиҳон топширган ва улардан 2964 нафари ўтган.
Дарвоқе, Россия расмийлари процедурага ўзгартиришлар киритишни кўриб чиқмоқда. Бир нечта депутатларнинг ташаббуси билан рус тили ягона она тили бўлган чет элликлар фарзандлари мажбурий рус тили имтиҳонидан озод қилиниши керак.
ℹ️ Россия Федерацияси Давлат Думаси (парламенти) 2024 йил декабрь ойида рус тили имтиҳонидан муваффақиятли ўтолмаган мигрантлар болаларининг мактабларга қабул қилинишини тақиқловчи қонунни қабул қилганди.
Тест Рособрнадзор томонидан шу йилнинг 1 апрелидан ўтказиб келинмоқда. Баҳолаш формати синф даражасига боғлиқ бўлади. Биринчи синф ўқувчилари оғзаки мулоқот қобилияти — гапириш, тинглаш ва тушуниш бўйича синовдан ўтказилади. Баҳолаш оғзаки равишда ўтказилади ва луғат, грамматика билимларини текширишни ўз ичига олади. Иккинчи синфдан бошлаб тест ёзма топшириқларни, хусусан, ўқиш ва ёзиш кўникмаларини текширишни ўз ичига олади.
Имтиҳондан ташқари, боланинг ота-онаси мактаб маъмуриятига барча керакли ҳужжатларни тақдим этиши шарт. Жумладан, бола ота-онасининг шахсини тасдиқловчи ёки вакилнинг қонуний ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари, бола ва унинг ота-онасини Россияда қонуний яшашини тасдиқловчи ҳужжатлар, юқумли касалликлар йўқлигини тасдиқловчи тиббий маълумотнома ва хорижий ҳужжатларнинг рус тилига тегишли равишда тасдиқланган таржималари киради.



