Ўзбекистонда атом электр станцияси (АЭС) қурилиши лойиҳаси бўйича жамоатчилик эшитувлари 23 декабрь куни бўлиб ўтади. Бу ҳақда республика Атом энергияси агентлиги (Ўзатом) ҳабар берди.
Жиззах вилояти, Фориш тумани, Боғдон аҳоли пункти, 30-сон Маданият марказида Ўзбекистон Республикасида атом электр станцияси (АЭС) қурилиши лойиҳаси бўйича жамоатчилик эшитувлари бўлиб ўтади. Тадбир Тошкент вақти билан соат 11.00 да бошланади.
Жамоатчилик эшитувлари Жиззах вилоят ҳокимлиги вакиллари, маҳаллий аҳоли, журналистлар ва хорижий кузатувчилар билан очиқ мулоқот шаклида ўтказилади. Шундан сўнг овоз бериш ўтказилади.
Эшитувларнинг асосий мақсади лойиҳанинг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш, жумладан, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг экологик ҳолати, ер ости сувлари, атмосфера ҳавоси, шунингдек, метеорологик ва сейсмик параметрларни муҳокама қилишдан иборат бўлади.
«Ўзатом» агентлиги лойиҳа ВВEР-1000 ва РИТМ-200Н реакторларидан иборат атом электр станцияси (АЭС) қурилишини ўз ичига олишини таъкидлади. Станциянинг умумий қуввати 2110 МВтни ташкил этади ва йилига 16-17 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқаради. АЭС Ўзбекистон энергия балансининг 12-15 фоизини ташкил қилади. Унинг ишлаш муддати 60 йил деб тахмин қилинмоқда.
АЭС қурилиш жараёнида 13 000 га яқин, ундан фойдаланиш жараёнида эса 2000 га яқин одам иш билан таъминланади.
Ўзбекистондаги АЭС қурилиши лойиҳасининг бош пудратчиси Росатом давлат корпорациясининг муҳандислик бўлими бўлган «Атомстройэкспорт» бўлиб, у дунёдаги энг йирик атом электр станцияларини қуриш бўйича экспорт шартномалари портфелига эга.
Лойиҳа бўйича таклифларни info@uzatom.uz ва direksiyaaes@uzatom.uz. электрон почта манзилларига юбориш мумкин.
«Жамоатчилик вакилларини ва барча манфаатдор томонларни жамоатчилик эшитувларида фаол иштирок этишга таклиф қиламиз!», — дейилади эълонда.
Айни пайтда, Ўзбекистонда кичик атом электр станцияси (КАЭС) қурилишига тайёргарлик ишлари бошланган. Уни Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги Тузкон кўли яқинида қуриш режалаштирилган. У ерда ҳар бири 55 МВт қувватга эга олтита реактор ўрнатилади, умумий қуввати 330 МВт. Реакторлар хавфсизлик талаблари ва ядро энергияси қоидаларини ҳисобга олган ҳолда битта жойда жойлашган бўлади. Биринчи реактор 2029 йили ишга туширилиши кутилмоқда.
«Росатом» билан кичик атом электр станциясини лойиҳалаш, етказиб бериш ва қуриш бўйича янги шартнома — 2024 йил 27 май куни Тошкентда Россия президенти Владимир Путиннинг давлат ташрифи чоғида имзоланганди. Шу муносабат билан томонлар 2018 йил 7 сентябрда тасдиқланган икки мамлакат ҳукуматлари ўртасидаги Ўзбекистонда атом электр станциясини қуриш бўйича ҳамкорлик келишувига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги протоколни имзоладилар.



