Осиё инфратузилмавий инвестиция банки (ОИИБ) Ўзбекистон ҳукуматига «яшил» ва барқарор бозор иқтисодиётига ўтиш дастурини амалга ошириш учун 500 миллион доллар ажратади. Бу ҳақда «Газета.uz» халқаро молия институти матбуот хизматига таяниб хабар берди.
ОИИБ маълумотларига кўра, Жаҳон банки ушбу лойиҳада ҳамкор ҳисобланади, гарчи унинг инвестициялари ҳажми аниқланмаган бўлсада. Дастур Ўзбекистоннинг 2030 йилгача амал қиладиган «Яшил» иқтисодиётга ўтиш стратегияси, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатининг эмиссияларни камайтириш бўйича мажбуриятлари билан тўлиқ мос келади.
Лойиҳа ҳукуматга янада самарали бошқарув тизимини яратиш, давлат идоралари фаолиятини яхшилаш ва мамлакатнинг иқлим хавфларига чидамлилигини мустаҳкамлаш имконини беради.
Осиё инфратузилмавий инвестиция банкининг пресс-релизида таъкидланишича, дастурнинг асосий босқичлари орасида энергетика ва давлат компанияларида бошқарув шаффофлиги ва самарадорлигини ошириш, иқлимга йўналтирилган давлат харидлари қоидаларини жорий этиш, шунингдек, углерод кредитларини чиқариш ва муомаласи учун тушунарли ва шаффоф меъёрларни яратиш киради. Буларнинг барчаси мониторинг ва ҳисобот тизимига таянади ҳамда хусусий инвестицияларни жалб қилишни осонлаштиради.
«Ушбу дастур ОИИБнинг Ўзбекистонда барқарор иқлим ва иқтисодий натижаларни таъминлашга қодир бўлган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга содиқлигини акс эттиради. <…> Биз Ўзбекистон ҳукумати билан унинг «яшил» ўтиши йўлида яқин ҳамкорликни давом эттиришга умид қиламиз», — деди ОИИБ инвестициялар бўйича директори Константин Лимитовский (2-минтақа).
Ресурслардан оқилона фойдаланиш, янада тоза энергия ечимларини жорий этиш ва иқлимга йўналтирилган тартибга солишни такомиллаштириш иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш, ҳаво сифатини яхшилаш ва иқлим хавфларига чидамлиликни оширишга ёрдам бериши кутилмоқда.
Бундан ташқари, энергия тежамкор технологиялардан кенгроқ фойдаланиш, шунингдек, энергия харажатларини камайтириши ва, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож гуруҳлар учун турмуш шароитларини яхшилаши керак.



