Жанубий Корея ноқонуний мақомга эга чет элликлар учун жарима ёки қайта кириш чекловларисиз мамлакатни ихтиёрий тарк этиш борасида 90 кунлик махсус дастурни ишга туширди, деб хабар беради мамлакат Адлия вазирлиги матбуот хизмати.
«Ноқонуний яшовчи чет элликларнинг мамлакатни ихтиёрий тарк этиш тартиби» 2025 йил 1 декабрдан 2026 йил 28 февралгача амал қилади. Ундан ноқонуний мақомга эга бўлган ҳолда, ариза топширган ва белгиланган муддат ичида мамлакатдан чиқиб кетмоқчи бўлган чет элликлар фойдаланиши мумкин.
Дастур чегарани ноқонуний кесиб ўтган, сохта ёки ўзгартирилган паспортлардан фойдаланган, жиноий ҳуқуқбузарлик содир этган ёки чиқиш буйруғига риоя қилмаганлик учун мажбурий депортация қилиниши мумкин бўлган чет элликларга нисбатан қўлланилмайди. Дастур шунингдек, 1 декабрдан сўнг, яъни дастурнинг амал қилиш муддати давомида ноқонуний мақомга кириб қолган фуқароларга ҳам тааллуқли бўлмайди.
Дастурдан фойдаланишни истаганлар жўнаб кетишдан 3-15 кун олдин яшаш манзилидаги иммиграция бўлимига шахсан ариза топширишлари керак. Улар шахсий маълумотлари, манзили, режалаштирилган жўнаб кетиш санаси, аэропорти ва парвоз рақами кўрсатилган амалдаги паспорт ва авиачиптани тақдим этишлари шарт.
Адлия вазирлиги ноқонуний мигрантларни аниқлаш бўйича рейдлар махсус дастур давомида давом этиши ҳақида огоҳлантирди. Бундай текширувлар натижасида ҳибсга олинган чет элликлар имтиёзли ихтиёрий кетиш режимидан фойдаланиш, депортация бўлиш ва кейинчалик кириши тақиқланиши каби мажбурий чораларга дучор бўладилар.
ℹ️ Сўнгги йилларда Жанубий Корея чет элда ишлашни истаган Марказий Осиё фуқаролари учун машҳур йўналишга айланди. Ўзбекистон фуқаролари улар орасида етакчи ўринни эгаллайди. 2025 йил июнь ойи ҳолатига кўра, мамлакатда 98 457 нафар ўзбекистонлик фуқаро бўлган.
Ноябр ойи охирида фоиз жиҳатидан миқдор қуйидагича: Жанубий Кореядаги чет элликлар умумий сонининг 34,4% — Хитой фуқаролари, 12,5% — Вьетнам фуқаролари, 6,9% — АҚШ фуқаролари, 6,0% — Таиланд фуқаролари, 3,6% — Ўзбекистон фуқаролари, 3,2% — Непал фуқаролари ва бошқалар.
Октябрь ойида Кореяда ўқиш, ишлаш ёки туризм мақсадида келган чет элликларнинг умумий сони 2,8 миллиондан ошган. Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, бу COVID-19 пандемияси тугаганидан сўнг чет элликлар оқими қайта тикланганидан кейинги янги тарихий максимумдир.



