Ўзбекистон келгуси йиллари IT, сунъий интеллект ва «буюмлар интернети» каби янги йўналишлардаги компанияларга жозибадор муҳит яратиш учун замонавий суперкомпьютер кластери ва дата-марказлар сонини кўпайтиришни режалаштирмоқда. Бундай ташаббусларни амалга ошириш электр энергиясига бўлган талабни камида 1,5 баравар ошириши кутилмоқда. Шу муносабат билан президент Шавкат Мирзиёев энергетика соҳасини ривожлантиришнинг бешта асосий йўналишини белгилаб берди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.
Биринчидан, электр энергиясига ошиб бораётган эҳтиёжни қоплаш учун 2030 йилгача қўшимча 17 минг мегаваттдан ортиқ қайта тикланувчи энергия қувватлари ишга туширилади. Натижада «яшил» энергиянинг жами генерациядаги улуши 54 фоизга етказилади.
Янги қувватларни ягона энергия тизимига боғлаш учун юқори кучланишли 6 минг километр тармоқлар тортилади. Хусусан, келгуси йилнинг ўзида 1 минг километр тармоқлар ўтказилиб, подстанцияларда 6 минг мегаватт қўшимча қувватлар яратилади.
Иккинчидан, хорижий сармояларни давлат-хусусий шериклик асосида жалб этишни кенгайтириш. Жорий йилдан хусусий шериклик тамойиллари нафақат электр энергиясини ишлаб чиқариш, балки уни истеъмолчиларга етказиб беришда ҳам қўлланмоқда. Жумладан, Туркиянинг Aksa Elektrik компанияси билан Самарқанд ҳудудий электр тармоқларини хусусий бошқарувга бериш бўйича келишувга эришилган. Хорижий ҳамкорлар тизимни модернизация қилишга сармоя киритадилар, бу эса ресурс йўқотишларини икки баравар камайтириш орқали йилига 20 миллион долларгача тежашга имкон беради.
Мирзиёевнинг сўзларига кўра, шунга ўхшаш ташаббуслар келгуси йилда Жиззах ва Сирдарё вилоятларида амалга оширилади ва 2027 йилда улар Наманган ва Тошкент вилоятларига ҳам татбиқ этилади.
Учинчидан, аҳолининг муқобил энергия манбаларидан фойдаланишини фаол қўллаб-қувватлаш. Янги йилда 300 та маҳалла ҳудудида аҳоли билан кооперация орқали 107 мегаваттли қуёш станциялари ўрнатилади. Бу ижтимоий лойиҳа 30 мингта камбағал оилани «яшил» энергия билан таъминлаш имконини беради. Улар ўз эҳтиёжидан ортиқча электр энергиясини тармоққа узатиб, даромад топади.
Президент тадбиркорлар бу йили 40 мегаваттли кичик ва микро ГЭСлар қурганини таъкидлади. Натижада 120 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилди ва улар қўшимча даромад манбаига эга бўлишди. Ушбу дастур келажакда ҳам давом етади.
Тўртинчидан, яқинда Бразилияда ўтган COP-30 иқлим конференциясида мамлакатимиз ўз ташаббуси билан Париж битими доирасида муҳим мажбуриятни зиммасига олди: Ўзбекистонда 2035 йилгача зарарли газлар эмиссияси 50 фоизга қисқартирилиши мақсад қилинди. Бу борада Жаҳон банки билан дунёда илк инновацион iCRAFT лойиҳаси ишга туширилди. Унинг доирасида Ўзбекистон томонидан камайтирилган 23 миллион тонна иссиқхона гази ҳисобга олинди. Халқаро даражада углерод бирликлари савдоси йўлга қўйилди.
Бундан ташқари, шу йилнинг ўзида 17 та йирик саноат корхона «яшил» энергия бўйича халқаро сертификатлар тизимига ўтди. Келгуси икки йилда бундай корхоналар сони 100 тага етказилади.
Бешинчидан, қўшни давлатлар билан ягона энергетика бозорини яратиш бўйича шерикликни мустаҳкамлаш. Минтақа гидроэнергетика салоҳиятидан самарали фойдаланиб, биргаликда бошқариш мақсадида келгуси йили Қирғизистон ва Қозоғистон билан «Қамбар-ота ГЭС-1» лойиҳасини молиялаштиришга киришилади.
Давлат раҳбари Европага электр энергиясини экспорт қилиш бўйича «яшил коридор» лойиҳаси доирасида яқиндан ҳамкорлик қилаётган Озарбайжон ва Қозоғистон раҳбариятининг қатъий саъй-ҳаракатларини алоҳида эътироф этди.
«Бундай жадал ҳаракатларимиз ва ташаббусларимиз билан биз янгича моделдаги замонавий энергетика тизимини албатта тўлиқ барпо этамиз», — дея хулоса қилди Мирзиёев.



