Қозоғистонда ўзбекистонликларни олиб кетаётган автобус ағдарилиб кетди — беш киши ҳалок бўлди

Ҳодиса юз берган жой. nur.kz сайти фотосурати

7 декабрь куни Ақтўбе вилоятида (Ғарбий Қозоғистон) 49 нафар ўзбекистонлик фуқароларни олиб кетаётган автобус ағдарилиб кетди. Беш киши ҳалок бўлди, деб хабар беради NUR.KZ нашри вилоят полиция бошқармасига таяниб. Яна 11 киши турли даражадаги жароҳатлар олиб, касалхонага ётқизилган.

Ҳодиса Самара-Чимкент автомагистралининг 1024-километрида содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, Пермдан Тошкентга кетаётган автобус ён томонга ағдарилиб кетган. Ҳодиса сабаблари текширилмоқда.

Айни пайтда, Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бир кун олдин автоҳалокатда ҳалок бўлган беш кишидан фақат иккитаси Ўзбекистон фуқароси эканини маълум қилганди. Ҳозирда жасадларни ўз ватанига қайтариш ишлари олиб борилмоқда ва вафот этган одамларнинг оилаларига дафн маросимида ёрдам кўрсатилади. ФВВ ходимлари қозоғистонлик ҳамкасблари билан доимий алоқада бўлиб, автоҳалокат сабабларини биргаликда ўрганмоқда, дейилади баёнотда.

Қозоғистонда узоқ масофага қатнайдиган йўловчи автобуслари иштирокида бахтсиз ҳодисалар мунтазам равишда содир бўлиб туради. Масалан, шу йилнинг март ойида Иргиз қишлоғидан 40 километр узоқликда юк машинаси 30 нафар Ўзбекистон фуқаросини олиб кетаётган автобус билан тўқнашиб кетган. Бахтсиз ҳодисада ҳеч ким жабрланмаган.

2022 йил май ойида Жамбил вилоятида Нукусдан Олмаотага кетаётган йўловчи автобуси иштирокида бахтсиз ҳодиса содир бўлди. Салонда 53 йўловчи, жумладан, 47 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган. Бахтсиз ҳодисада икки нафар Ўзбекистон фуқароси — ҳайдовчи ёрдамчиси ва йўловчи ҳалок бўлган.

Энг жиддий бахтсиз ҳодиса 2018 йил 18 январь куни эрталаб содир бўлганди. Ақтўбе вилоятидаги Самара-Чимкент автомагистралининг 1068-километрида Ўзбекистондан Россияга ишлагани кетаётган 55 йўловчи ва икки ҳайдовчини олиб кетаётган Икарус автобуси ёниб кетган. Натижада эллик икки киши ҳалок бўлган.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра, автобус бузилиб қолган ва ҳайдовчилар салонни оловли лампа билан исита бошлаганлар, натижада ёнғин содир бўлган. Фақат беш киши — икки йўловчи ва уч ҳайдовчи автобусни тарк этишга муваффақ бўлган, уларнинг ҳар бири беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ