Сурхондарёлик 25 ёшли фуқаро Украина ҳудудида Россия армияси сафида махсус ҳарбий операцияда (МҲО) қатнашгани учун уч йилга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Kun.uz Узун туман суди ҳукмига таяниб хабар берди.
Ўзбекистонлик эркак Республика Жиноят кодексининг 154-1-моддаси 2-қисми («Ёлланиш») бўйича айбдор деб топилди.
Судда айбланувчи ўз айбини тўлиқ тан олган, аммо депортация ниқоби остида МҲОга фирибгарлик йўли билан ёлланганини айтган.
Иш материалларига кўра, Узун туманида туғилган С.Б. 2019 йилдан бери Россияда ишлаб келган. 2025 йил апрель ойида у Москва вилоятида полиция томонидан Россияда яшашини тасдиқловчи ҳужжатлари йўқлиги учун ҳибсга олинган.
Вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасида эркакка урушга бориш таклиф қилинган, унга 3 миллион рубль (37 500 доллар) ва бир йиллик хизмат учун Россия фуқаролигини ваъда қилишган. Йигит рад этган, аммо кейинчалик ҳужжатларни босим остига имзолаган.
«3 апрел куни полиция ходимлари «депорт ҳужжатларига имзо қўй», дея ўқиб чиқишимга имкон бермасдан Россия армиясида хизмат қилиш бўйича шартномага имзо қўйдириб олишди. 4 апрель куни конвой ва махсус отряд ходимлари келиб, автобусда Воронеж шаҳрига олиб кетишди», – дейди С.Б. судда.
Унинг сўзларига кўра, Воронежда ёлланганларга отишма ва тиббий тайёргарликдан сабоқ беришган, агар улар хизмат қилишдан бош тортсалар, узоқ муддатли қамоқ жазоси билан қўрқитишган.
«Машғулотларда ўқотар қуроллар ва алоқа воситаларидан фойдаланиш, биринчи таббий ёрдам кўрсатиш каби кўникмаларни ўргатишди. У ерда турли давлат фуқаролари бор эди», — деган С.Б.
Машғулотларни тугатгандан сўнг, гуруҳ Украина ҳудудига, кейинчалик Кременная ўрмонига кўчирилган. Уларга Украина ҳарбийларига таъминот келадиган кўприкни эгаллаш ва уни қўриқлайдиган ҳарбийларини йўқ қилиш вазифаси юклатилган. Ўз позициясига яқинлашаётганда, гуруҳ дрон ҳужумига учраган.
«Снаряд портлаши оқибатида осколкалар тегиб, оғир жароҳат олдим. Ўзимга оғриқ қолдирувчи укол қилиб, жгут билан чап қўлим ва чап оёғимни боғладим», – деб ҳикоя қилади С.Б.
Унинг сўзларига кўра, қўмондонлик унга эвакуация гуруҳи отишма жойига етиб бора олмасликлари ҳақида радио орқали хабар берган. Ярадор уч километр масофани босиб ўтиб, ортга қайтишга мажбур бўлган.
Донецк ва Белгороддаги ҳарбий госпиталларда даволангандан сўнг, сурхондарёлик фуқарога таътил беришган. Бундан фойдаланиб, у 4 сентябрь куни Ўзбекистонга қайтган.



