Қорақалпоқ ўтовлари, сумалак ва максим ЮНEСКОнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилди

Эмомали Раҳмон сумалак пишириш маросимида. Тожикистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ҳиндистоннинг Нью-Деҳли шаҳрида бўлиб ўтган ЮНEСКО экспертлар қўмитасининг 20-йиғилишида Марказий Осиё давлатлари томонидан тақдим этилган бир нечта номинациялар Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилди. Жумладан, қорақалпоқ ўтовлари, байрамона таом сумалак ва максим ичимлиги рўйхатдан жой олди.

Ўтовлар — туркий халқларнинг, жумладан, қорақалпоқларнинг анъанавий ўйи ҳисобланади. Таъкидланишича, мазкур объект ЮНEСКО рўйхатига 2014 йили Қозоғистон ва Қирғизистон таклифи билан киритилган.

Бу йил Ўзбекистон ўз номинациясини қорақалпоқ ўтовларини қўшиш орқали кенгайтирди. Лойиҳа таклифида айтилганидек, ўтовлар (юрталар) нафақат турар жой, балки миллий ўзига хослик рамзи ҳамдир. Уларни барпо этиш анъаналари авлоддан-авлодга, устоздан шогирдга ўтиб келади. Мутахассислар рўйхат бандини кенгайтиришга келишиб олдилар ва номзодлар сони учтагача кўпайди.

Ўзбекистон президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ушбу халқаро миқёсдаги эътироф анъаналарнинг нақадар теранлиги, маънавий мерос қудрати ва авлодлар ўртасидаги узвий боғлиқликни тасдиқлашини таъкидлади.

«Бу маданиятимизга дахлдор барчанинг ғалабасидир! Биз эса ўзлигимизни бемисл қилувчи қадриятларимизни кўз қорачиғидек сақлаган ҳолда олға қадам ташлашда давом этамиз», — деб ёзади давлат раҳбари қизи ўзининг Telegram-каналида.

Сумалак ҳам ЮНEСКОнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилди, деб хабар беради номзодликни илгари сурган мамлакат Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Сумалак — Марказий Осиё, Кавказ ва Яқин Шарқда баҳор келиши ва янги йил бошланиши сифатида кенг нишонланадиган Наврўз (Нооруз, Науриз) байрамининг асосий таомидир.

Kaktus.media хабарига кўра, ЮНEСКО қирғизларнинг яхна ичимлиги — максимни авлоддан-авлодга ўтиб келаётган халқ билимлари, маданий қадриятлар ва миллий меҳмондўстликнинг махсус фалсафасини бирлаштирадиган ноёб ҳодиса сифатида тан олди.

Ичимлик асосан арпа, шунингдек, маккажўхори, буғдой ва тариқдан тайёрланади. Максимнинг кўплаб турлари мавжуд — ҳар бир қишлоқнинг бошқалардан фарқли ўлароқ, ўзига хос версияси борлиги айтилади.

Максимнинг Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилиши Марказий Осиё республикаси учун катта аҳамиятга эга эканлиги таъкидланган. Халқ анъанаси бўлмиш бу ичимлик кўчманчиларга сафарларда ҳамроҳ бўлгани сабабли, у фестиваллар ва турли маросимларда истеъмол қилинади.

Шуни қўшимча қилиш лозим, бу йил Марказий Осиёдан яна бир ариза кўриб чиқилмоқда. Туркманистон «Туркман алабай итларини кўпайтириш санъати» номинациясини илгари сурди. Миллий ит зоти ҳам ЮНEСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилиши мумкин.

Бир кун олдин мутахассислар шошилинч ҳимояга муҳтож номоддий маданий мерос рўйхатига киритиш учун номзодларни кўриб чиқдилар. Қўмита Ўзбекистоннинг қўбиз ишлаб чиқариш ва чалиш бўйича аризасини ҳам рўйхатга киритди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ