Қозоғистонда фильмни суратга олиш жараёнида поездда 52 киши газ исидан заҳарланди

freepik.com сайти фотосурати

Олмаотада 52 киши, жумладан, болалар газ исидан заҳарланди, деб хабар беради ORDA.kz.

Ҳодиса Олмаота-2 вокзалига етиб келган поездда содир бўлган. Воқеа жойига ўн учта тез тиббий ёрдам бригадаси етиб келган. Жабрланганлар касалхоналарга жойлаштирилган.

«Ўн нафар бола касалхонага ётқизилди, иккитаси реанимация бўлимида. Қолганларига эса, текширувдан сўнг, яшаш жойида амбулатория шароитида даволаниш тавсия қилинди», — деб изоҳ берган Олмаота жамоат саломатлиги бошқармаси.

«Қозоғистон темир йўллари» (ҚТЙ) заҳарланиш содир бўлган поезд хусусий ташувчига тегишли эканини ва у фильмни суратга олиш учун киностудияга ижарага берилганини маълум қилди. Компания воқеа ҳақида қўшимча маълумот бермаган.

Шу билан бирга, Tengrinews.kz гувоҳга таяниб, жабрланганлар Жанубий Корея телесериалини суратга олиш жараёнида иштирок этишганини хабар қилади. Кастингга келган одамлар «узоқ чўлга, темир йўлга» олиб кетилган.

«Аввалига биз иситиладиган чодирларда кутдик ва бизга суратга олиш ишлари иссиқ поездда бўлиб ўтишини ваъда қилишди. Аммо ҳамма нарса тайёр бўлгач, корейс суратга олиш гуруҳи сўнгги дақиқада иссиқ вагонни эгаллаб олишди, бизларни эса — аёллар, болалар, барчамизни— совуқ вагонга ҳайдашди», — деган у.

Эркакнинг сўзларига кўра, суратга олиш ишлари тахминан уч соат давом этган, шу вақт ичида массавка иштирокчилари совуқдан музлаб қолишган. Гувоҳнинг сўзларига кўра, суратга олиш ишлари тугагандан сўнг, гуруҳни бошқа, яна совуқ вагонга кўчиришган. Массовка иштирокчиларининг телефонлари олдиндан олиб қўйилган. Одамлар иссиқликни талаб қила бошлаганларида, ташкилотчилар газ печини ўрнатишган. Бироз вақт ўтгач, одамлар ҳушидан кета бошлаганлар.

Эркакнинг таъкидлашича, шундан сўнг одамларни суратга олиш гуруҳи турган вагонга эвакуация қилишган. Поездда шифокор бўлмаган, полиция ва тез тиббий ёрдам ходимлари уларни вокзалда кутиб олишган.

Транспорт полицияси департаменти матбуот хизмати Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 156-моддаси (Меҳнат хавфсизлиги қоидаларини бузиш) бўйича жиноий иш қўзғатилганини хабар қилди. Ҳозирда зарур тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ