Парагвай президенти Лотин Америкаси давлатлари ичида Ўзбекистонга ташриф буюрган биринчи давлат раҳбари бўлди

Сантьяго Пенья ва Шавкат Мирзиёев. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон президенти Сантьяго Пеньяни Кўксарой қароргоҳида қабул қиларкан, Лотин Америкаси давлати президенти томонидан Ўзбекистонга илк бор амалга оширилаётган ушбу ташриф тарихий аҳамиятга эга эканини қайд этди. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Музокаралар давомида Ўзбекистон ва Парагвай ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинди. Иккала давлат раҳбарлари мазкур саммит икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни ривожлантиришда янги даврни бошлаб бериши таъкидладилар.

Музокараларда икки томонлама ҳамкорликни, жумладан, савдо-иқтисодиёт, маданий-гуманитар, таълим ва бошқа соҳаларда кенгайтиришнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.

Етакчилар ўзаро савдони кўпайтириш, ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва кимё саноати, рақамлаштириш, туризм ҳамда спорт соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратдилар.

Мирзиёев ва Пенья сиёсий мулоқотни давом эттиришга ва икки мамлакат учун ўзаро манфаатли соҳаларда амалий ҳамкорликни чуқурлаштиришга тайёр эканликларини тасдиқладилар.

Тошкентдаги учрашув якунида Ўзбекистон ва Парагвай президентлари Қўшма баёнот имзоладилар.

Бундан ташқари, етакчилар ҳузурида Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиши доирасида бозорга кириш масалалари бўйича икки томонлама музокаралар якунлангани тўғрисидаги баённома ҳамда Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашув механизмини йўлга қўйиш тўғрисида ўзаро англашув меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ