Ўзбекистон резидентлари АҚШ компанияларига чекловсиз инвестиция киритишлари мумкин

2026 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон аҳолиси ҳукумат рухсатисиз ва инвестиция миқдори чекловларисиз Қўшма Штатларда рўйхатдан ўтган компанияларга инвестиция киритиши мумкин. Ўзбекистон Марказий банки 16 декабрь куни капитал ҳаракати билан боғлиқ айрим валюта операцияларини амалга ошириш тартибига ўзгартиришлар киритди, деб хабар беради «Газета.uz».

Бу президентнинг «Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашини ташкил этиш тўғрисида»ги фармонида белгиланганди.

Шундай қилиб, 1 январдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари ва корхоналари АҚШ компанияларига ҳукумат рухсатисиз ва пул маблағлари уларнинг Ўзбекистон банкларидаги ҳисобварақларида бўлган тақдирда, чегараланмаган миқдорда эркин инвестиция киритишлари мумкин бўлади.

Ягона шарт шундаки, АҚШ компанияларига инвестиция қилинаётган маблағлар Ўзбекистон банкларидаги ҳисобварақларида бўлиши лозим.

Шу билан бирга, капитал лимити талаби бекор қилинмоқда. Илгари инвесторлар 10 000 доллардан ортиқ операциялар учун ўз ҳаракатларини Ўзбекистон ҳукумати билан мувофиқлаштиришлари шарт эди.

Бироқ, бошқа мамлакатларга капитал оқими учун чекловлар сақланиб қолаётгани таъкидланади. Енгиллик фақат АҚШ резидентлари билан операцияларга тааллуқлидир.

Молиячи Отабек Бакиров Ўзбекистон Марказий банкининг қарорини қўллаб-қувватлади ва янги қоидалар АҚШда рўйхатдан ўтган, аммо аслида Марказий Осиё республикасида фаолият юритаётган компаниялар орқали пул оқимларини қайта тақсимлаш ва расмийлаштиришга олиб келиши мумкинлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу тенденция биринчи навбатда давлат шартномалари ва бюджет маблағларини олувчилар, шунингдек, турли ўзаро боғлиқ саноат ва молиявий гуруҳлар фаолиятига таъсир қилиши мумкин.

Абу Дабидаги (БАА) Нью Йорк университети профессори Беҳзод Ҳошимов ҳам чекловларнинг камайтирилишини ижобий баҳолади. У баъзилар тузатишлардан ноқонуний мақсадларда фойдаланиши мумкинлигини тан олади, аммо бу жараённи ҳуқуқий тартибга солиш масаласи. Энг муҳими, эксперт таъкидлашича, Марказий Осиё мамлакати резидентлари дунёдаги энг йирик молия бозорига кириш имкониятига эга бўлишди.

«Келажакда Ўзбекистонлик уй хўжаликлари АҚШ корхоналарида улуш сотиб олишлари, АҚШ молиявий бозоридан манфаат кўра олишлари жуда яхши нарса бўлар эди. Жамғариш учун ҳам, сармоя учун ҳам. Ўзбекистонликлар дунёдаги энг катта бозордан ўзлари ўзларига қўйган чеклволарни деб узиб қўйилган эдилар. Бу чекловлар камайса, яхши», — дея хулоса қилди Ҳошимов.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ