Қозоғистон Россия, Хитой ва Марказий Осиё давлатлари билан қўшничилигини стратегик устунлик деб билади. Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев бу ҳақда Токиодаги БМТ университетида қилган маърузасида таъкидлади, деб хабар беради Оқўрда.
«Қозоғистон энг яқин қўшнилари — Россия, Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари билан кенг қамровли стратегик шерикликни ривожлантирмоқда. Биз бу қўшничиликни стратегик устунлик деб биламиз, бу Қозоғистонга бутун Евросиё бўйлаб ишонч ва алоқани ривожлантириш имконини беради», — деди қозоқ етакчиси.
У Остона шунингдек, Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқи билан узоқ муддатли ҳамкорликни кенгайтираётгани, Яқин Шарқ, Осиё ва Глобал Жанубдаги алоқаларни мустаҳкамлаётганига урғу берди. «Япония Қозоғистон учун катта аҳамиятга эга ва биз савдо ва инвестиция муносабатларида янги имкониятларни очиш учун дўстлигимиз ва ҳамкорлигимизни чуқурлаштиришда давом этамиз», — деб таъкидлади Тўқаев.
«Бундай мувозанатли ва холисона ёндашув тобора геосиёсий жиҳатдан парчаланиб бораётган дунёда Қозоғистоннинг конструктив дипломатиясини мустаҳкамлайди», — дея қўшимча қилди у.
Тўқаев ҳозирда Японияда расмий ташриф билан бўлиб турибди, сафар 20 декабрь куни якунланади. Ташриф давомида Қозоғистон президенти император Нарухито билан учрашди ва Бош вазир Санаэ Такаити билан музокаралар олиб борди. Шунингдек, Тўқаевнинг Япония-Марказий Осиё саммитида иштирок этиши режалаштирилган.



