Трамп Ўзбекистон ва Қозоғистон президентларини АҚШда бўлиб ўтадиган G20 саммитига таклиф қилади

Қосим-Жомарт Тўқаев, Дональд Трамп, Шавкат Мирзиёев. business-online.ru сайти фотосурати

АҚШ президенти Дональд Трамп Ўзбекистон ва Қозоғистон президентларини 2026 йили АҚШнинг Майами шаҳрида бўлиб ўтадиган G20 саммитига таклиф қилишга ваъда берди. Трамп бу ҳақда Truth Social ижтимоий тармоғида ёзган.

«Бугун эрталаб Қозоғистон Республикаси президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ва Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев билан иккита ажойиб телефон суҳбати ўтказдим. Биз ҳозирги можароларда тинчлик ўрнатиш, шунингдек, мамлакатларимиз ўртасидаги савдо ва ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини муҳокама қилдик. Иккала давлат билан ҳам муносабатлар аъло даражада. Келаси йили Қўшма Штатлар G20 саммитига мезбонлик қилади ва биз иккала раҳбарга ҳам Майамидаги ушбу жуда муҳим тадбирда меҳмон сифатида иштирок этишга таклифнома юборамиз!», — дейилади Трамп постида.

Мирзиёев матбуот хизматининг хабар беришича, АҚШ президенти билан суҳбат икки томонлама савдо ва стратегик ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилди. Жумладан, фуқаро авиацияси, автосаноат, тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма, энергетика ва кимё, ахборот-коммуникация технологиялари ва бошқа соҳаларда ўнлаб миллиард долларлик қўшма лойиҳалар амалга оширилаётгани ҳақида гап борди.

Президентлар шунингдек, «C5+1» форматидаги минтақавий ҳамкорликни муҳокама қилишди ва фаол алоқаларни давом эттиришга келишиб олдилар. Ўзбекистон раҳбари Трампнинг халқаро дипломатиядаги ютуқларини юқори баҳолади ва икки мамлакат ўртасидаги сиёсий алоқаларнинг тобора кучайиб бораётганини таъкидлади. Мирзиёев Трампни ўзи учун қулай муддатда Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф этди.

Қозоғистон президенти матбуот хизмати таъкидлашича, Қосим-Жомарт Тўқаев билан суҳбат узоқ давом этган. Томонлар ҳамкорлик ва долзарб халқаро масалаларни, хусусан, Украинадаги вазиятни муҳокама қилишган. Тўқаев Украина можаросини ҳал қилиш ҳудудий масала туфайли жуда мураккаб эканини ва «жойлардаги» реал вазиятни ҳисобга олган ҳолда иккала томондан ҳам муросага келишни талаб қилишини таъкидлади.

Қозоғистон можаро томонларини сабр-тоқат ва англашувчанликни намоён этишга ва «тинчлик формуласи»ни излашни давом эттиришга чақирди, у воситачи сифатида ҳаракат қилмаётганини, аммо зарур бўлганда музокаралар учун ўз ҳудудини тақдим этишга тайёрлигини таъкидлади.

Суҳбат сўнггида Тўқаев Трампнинг етакчилик фазилатларини юқори баҳолади ва уни Қозоғистонга таклиф қилди ва бу ташриф тарихий бўлишига ишонч билдирди.

ℹ️ G20 (Group of Twenty) — бу дунёнинг энг йирик иқтисодиётларини (19 та мамлакат, шунингдек, Африка иттифоқи ва Европа иттифоқи жамоавий аъзолар сифатида кўрилади) глобал молиявий ва иқтисодий масалаларни муҳокама қилиш учун бирлаштирувчи халқаро форумдир. Унга АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, Россия, Германия, Бразилия ва бошқа давлатлар киради. Уларнинг улушига глобал ялпи ички маҳсулотнинг тахминан 85 фоизи ва халқаро савдонинг 75 фоизи тўғри келади.

G20 саммити иқтисодий сиёсатни мувофиқлаштириш, молиявий барқарорликни таъминлаш, барқарор ўсишни рағбатлантириш ва халқаро молия институтларини ислоҳ қилиш масалаларини муҳокама қилиш учун ўтказилади.

Саммитлар ҳар йили гуруҳнинг навбатма-навбат раислигини ўтказадиган мамлакатда ўтказилади. Мезбон мамлакат анъанавий равишда меҳмонларни — «йигирматалик»га кирмайдиган давлатлар раҳбарларини — саммитга таклиф қилади ва Трамп ушбу имкониятдан фойдаланиб, Ўзбекистон ва Қозоғистон президентларини таклиф қилишга қарор қилди.

2026 йилги саммит Флорида штатининг Майами шаҳрида, Трампга тегишли Trump National Doral Miami курорт мажмуасида бўлиб ўтади. Ушбу тадбир 2009 йилдан бери АҚШнинг биринчи саммити бўлади. Учрашув 14-15 декабрь кунлари бўлиб ўтиши кутилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ