Ўзбекистонда тўқимачилик саноатига 200 миллион долларлик имтиёзли кредит ажратилади

uzdaily.uz сайти фотосурати

Ўзбекистондаги тўқимачилик компанияларига айланма маблағ учун 200 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратилади. Президент Шавкат Мирзиёев 23 декабрь куни тўқимачилик саноатида 2025 йил якунлари ҳамда келгуси йил учун устувор вазифалар юзасидан тақдимот билан танишганда шу ҳақда сўз юритилди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.

Расмий маълумотларга кўра, 2025 йилда тўқимачилик саноатида ишлаб чиқариш ҳажми 134 триллион сўмни (11 миллиард доллардан ортиқ) ташкил этган. Хорижий инвестицияларни ўзлаштириш 2,1 миллиард долларга етган. Экспорт ҳажми эса 2,5 миллиард долларни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан ўсиш таъминланган. Тармоқда банд аҳоли сони 623 минг нафарга етгани, келгуси йилда ушбу кўрсаткични 650 минг нафаргача ошириш имконияти мавжудлиги таъкидланди.

Шу билан бирга, тармоқни барқарор ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган айрим омиллар ҳам қайд этилди. Хусусан, пахта толасига бўлган талабнинг бир қисми импорт ҳисобига қопланаётгани, молиявий ресурслар қийматининг юқорилиги, ташқи бозорларда логистика харажатлари ортиши ва айрим йўналишларда малакали мутахассислар етишмаслиги соҳа олдида турган долзарб вазифалар сифатида кўрсатиб ўтилди.

Ушбу муаммоларни ҳал этиш мақсадида 2026 йил учун аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Жумладан, корхоналарга айланма маблағ учун 200 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратиш, 138 та корхонани молиявий соғломлаштириш, 100 та янги корхонани экспорт фаолиятига жалб қилиш режалаштирилмоқда. Келгуси йил учун устувор вазифалар пахта толасини қайта ишлашни чуқурлаштириш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун қувватлардан фойдаланишни кўпайтиришни ўз ичига олади.

2026 йилда пахта хомашёсини қайта ишлашни янада чуқурлаштириш ҳамда газлама, трикотаж ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражасини ошириш кўзда тутилган. Маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини 147 триллион сўмга ($12,2 млрд), экспортни эса 3,3 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган. Тармоққа 2,2 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш режа қилинган. Бунинг эвазига 207 минг тонналик синтетик, аралаш ип, 397 миллион квадрат метрлик газлама, 224 миллион дона тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.

Халқаро стандарт ва сертификатларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилади. Better Work, BCI, FWF, Organic EU каби дастурлар 60 та корхонада татбиқ этилади, молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари 15 та корхонада жорий қилинади. Шунингдек, тайёр маҳсулотлар сифати бўйича 24 турдаги таҳлилларни ўтказувчи замонавий тўқимачилик лабораторияси ташкил этилади.

Тармоқда рақамлаштиришни жадаллаштириш, ERP (Enterprise Resource Planning — корхона ресурсларини режалаштириш) тизимлари ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш кўзда тутилган. Бу жараёнга 40 та корхона жалб этилади. Халқаро брендлар билан ҳамкорлик қилиш ва хорижий корхоналар релокациясини рағбатлантириш бўйича аниқ режалар белгилаб олинди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ