«Росатом» раҳбари: «Ислом цивилизацияси маркази ёш авлод талабларига жавоб бера олади»

Алексей Лихачев Ислом цивилизацияси марказида. ИЦМ матбуот хизмати фотосурати

Россиянинг давлатга қарашли атом энергетикаси соҳасидаги энг йирик корпорацияси бўлмиш «Росатом» делегацияси бош директор Алексей Лихачев бошчилигида Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Бу ҳақда ИЦМ матбуот хизмати хабар берди.

Меҳмонлар музейнинг исломга қадар, шунингдек, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс давларини акс эттирувчи залларини томоша қилдилар ва музейнинг техник мукаммаллигини, хусусан, унинг 3D реконструксиялари ва мултимедиа намойишларини юқори баҳоладилар.

Лихачев Ислом цивилизацияси марказини «Ўзбекистоннинг тарихий мероси, маданияти ва илмини юқори даражада тақдим эта олган фундаментал мажмуа» дея таърифлади.

«Интерактивлик, мустақил тадқиқотлар ва таълимга қизиқиш Марказни ёшлар учун айниқса жозибадор қилади. Миллий либосда виртуал портрет яратиш каби элементлар ёш ташрифчиларда қизиқиш уйғотади. Бугунги кунда Ўзбекистон билим, замонавий фикрлаш ва ўз юртига самимий муҳаббатга йўғрилган авлодни шакллантирган ҳолда инновация ва очиқлик сиёсатини намойиш этмоқда», — деди «Росатом» раҳбари.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилмоқда. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилмоқда. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бунёд этилмоқда. Бу ерда 460 ўринли анжуманлар зали ҳам қуриб битказилди. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ