Европа Иттифоқи Эроннинг Ислом инқилоби қўриқчилари корпусини (ИИҚК) террорчи ташкилот деб топди. 29 январь куни Брюсселда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари йиғилишида қабул қилинган ушбу қарор Теҳронга қарши янги санкциялар пакетининг асосий қисми бўлиб, Эрон режимига сиёсий босимни кучайтиради ва Европада ИИҚК билан боғлиқ ташкилотларни жавобгарликка тортиш учун ҳуқуқий имкониятларни кенгайтиради, деб хабар беради Euronews.
Шу билан бирга, Европа Иттифоқи Эронга қарши қўшимча чекловчи чораларни маъқуллади: Брюссел томонидан Украинадаги урушни дастаклаган ва ички репрессияни қўллаб-қувватлашда иштирок этган деб ҳисобланган тахминан 30 нафар шахс ва ташкилотга нисбатан санкциялар қўлланилди. Уларнинг Европа Иттифоқи мамлакатларидаги активлари музлатилади, Европа Иттифоқи фуқаролари ва компанияларига ушбу шахслар ва ташкилотларни молиялаштириш тақиқланади, киришга тақиқ қўйилади ва экспорт чекловлари кенгайтирилади.
▫️ ИИҚКни Европа Иттифоқининг террорчилар рўйхатига қўшиш тўғрисидаги қарор Франция ўз позициясини ўзгартириб, аввалги эътирозларидан воз кечганидан сўнг, мавжуд санкцияларнинг такрорланиши ва Эрон қамоқхоналарида сақланаётган француз фуқаролари учун хавфлар борлигидан хавотир билдирганидан сўнг мумкин бўлди. Илгари Париж, бошқа бир қанча пойтахтлар қатори, Теҳрон билан қолган сўнгги мулоқот каналларининг бутунлай узилишидан қўрқиб, бу ҳаракатни тўхтатиб қўйган эди.
Брюссел ИИҚК Эрондаги Ислом режимини ҳимоя қилиш вазифаси юклатилган параллел армия эканини ва Европа Иттифоқининг фикрига кўра, у минглаб одамлар ўлимига ва ўн минглаб одамларнинг ҳибсга олинишига, шунингдек, сўнгги оммавий норозилик намойишларининг шафқатсизларча бостирилишига, кенг кўламда интернет ва алоқаларнинг узилишига дахлдор эканини таъкидлайди.
Европалик инсон ҳуқуқлари фаоллари ва айрим вазирлар ўн минглаб қурбонлар бўлиши мумкинлигини таъкидлашмоқда, Эрон расмийлари эса қурбонларнинг фақат бир қисмини тан олди ва норозилик намойишлари сафига қўшилиб олган «террорчилар»ни айблади.
Европа Иттифоқининг ташқи ишлар бўйича олий вакили Кая Каллас (Kaja Kallas) ИИҚКни террорчилар рўйхатига киритиш уни «Al Qaeda», «Hamás» ва «Daesh» каби гуруҳлар билан «бир хил даражага» қўйишини ва Теҳронга аниқ сигнал юбораётганини айтди: «агар террорчи каби ҳаракат қилаётган бўлсангиз, демак, сизга террорчи сифатида муносабатда бўлиш керак». Унинг таъкидлашича, санкциялар кучайтирилганига қарамай, Эрон билан дипломатик алоқа каналлари очиқ қолади.



