Тўқаев Назарбоев хизматларига урғу берди

t.me/aqorda_resmi фотосурати

Қозоғистондаги конституциявий ислоҳотлар мамлакатнинг амалдаги асосий қонуни ёки унинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ютуқларининг аҳамиятини инкор этмайди. Бу ҳақда Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев кенгайтирилган ҳукумат йиғилишида маълум қилди, деб хабар беради Оқўрда.

«Ҳеч ким мамлакатимизнинг сўнгги 30 йил ичида эришган барча ютуқларида катта рол ўйнаган амалдаги Конституциянинг аҳамиятини инкор этишга жазм қилолмайди. Бунда биринчи президент Нурсултон Абишевич Назарбоевнинг катта ҳиссаси бор. Бироқ, шуни ҳисобга олиш керакки, у мамлакатимиз эндигина оёққа турган пайтда қабул қилинган ва мустақиллигимизнинг дастлабки қийин йилларини ўзида мужассам этган», — деб таъкидлади давлат раҳбари.

Тўқаев Қозоғистон сўнгги йилларда «миллий ўзига хосликка таъсир кўрсатган ва ҳатто чуқур силкинишларга сабаб бўлган» муҳим ўзгаришларни бошдан кечирганини таъкидлади. Унинг қўшимча қилишича, янги Конституция қабул қилиш билан Қозоғистон мақсадлари, қадриятлари ва тамойилларини актуаллаштириш лозим.

Президент раислигида кенгайтирилган ҳукумат йиғилиши йилига бир марта ўтказилади ва унинг Вазирлар Маҳкамаси билан ишлаши учун анъанавий форматга айланган.

31 январь куни Қозоғистонда референдумга тақдим этилиши режалаштирилган янги Конституция лойиҳаси эълон қилинди. Ушбу ҳужжат махсус тузилган комиссия йиғилишларида муҳокама қилинмоқда. Янги Конституция бир палатали парламентга ўтишни, вице-президент лавозимини жорий этишни, маслаҳат органларини ислоҳ қилишни ва бошқа ўзгаришларни назарда тутади. Қозоғистоннинг амалдаги Конституцияси 1995 йили қабул қилинган.

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Россия матбуоти «нато» снарядлари туфайли Қозоғистонга ҳужум қила бошлади

  • Марказий Осиё республикаларининг Япония билан яқинлашувида кўз илғамас масалалар бор

  • Тошкентда Ўзбекистон гербини яратган рассом Анвар Мамажоновнинг график асарлари кўргазмаси бўлиб ўтмоқда