Қирғизистон президенти Садир Жапаров Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раиси Қамчибек Ташиевни ишдан бўшатди ва уни Бош вазир ўринбосари лавозимидан ҳам озод қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари сайтида хабар берилди.
Жапаров томонидан имзоланган фармон Қирғизистон Республикаси Конституциясининг 70-моддаси 1-қисмининг 4-банди ва 71-моддасига мувофиқ экани баён қилинган. Ташиевнинг ишдан бўшатиш сабаблари ошкор этилмаган.
Шу куни, 10 февралда президент сайтида Жумгалбек Шабданбеков МХДҚ раиси вазифасини бажарувчи етиб тайинлангани эълон қилинди. Унинг номзоди энди Қирғизистон Жогорку Кенеши (парламенти) томонидан тасдиқланиши кутилмоқда.
Кейинроқ давлат раҳбари матбуот хизмати Жапаровнинг ўз фармонлари бўйича тушунтиришларини эълон қилди.
«Аввало, мен бу қарорни давлатимиз манфаатлари йўлида, жамиятда, жумладан, давлат идоралари ўртасида бўлинишнинг олдини олиш ва аксинча, бирликни мустаҳкамлаш мақсадида қабул қилдим», — дейди Жапаров.
ℹ️ Камчибек Ташиев 2020 йил октябрь ойида махсус хизматлар раҳбари этиб тасдиқланган. Уни тайинлаш тўғрисидаги фармонни ўша пайтдаги президент вазифасини бажарувчи Садир Жапаров имзолаган эди.
Маълумки, сиёсатчилар мунозараларда бир неча бор ягона позицияни ҳимоя қилишган ва 2012 йили очилган умумий жиноий иш уларнинг шахсий алоқаларини янада мустаҳкамлаган.
2020 йил октябрь воқеаларидан сўнг, Жапаров ҳокимият тепасига келганида, таҳлилчилар сиёсий тандем ҳақида гапира бошлагандилар. Натижада, Ташиев республика Бош вазирининг ўринбосари ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси лавозимларини эгаллади. У энг шов-шувли жиноий ишларни назорат қилди ва мамлакат раҳбарининг энг яқин ишончли одамига айланди.
ℹ️ Жумгалбек Шабданбеков 1970 йил 22 сентабрда туғилган. МХДҚ раиси вазифасини бажарувчи етиб тайинланишидан олдин у қўмита раисининг ўринбосари ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси 9-хизмати бошлиғи лавозимларида ишлаган. Генерал-майор унвонига эга.



