Жапаров Қирғизистонда тўғридан-тўғри президентга ҳисобот берадиган Тергов қўмитаси ташкил этилишини маълум қилди

Садир Жапаров. kabar.kg фотосурати

Қирғизистон президенти Садир Жапаров давлат раҳбарига тўғридан-тўғри ҳисобот берадиган Тергов қўмитасини тузиш режасини маълум қилди, деб хабар беради «Кабар» ахборот агентлиги.

Жапаровнинг сўзларига кўра, барча тергов функциялари қўмитага ўтказилади, бу эса терговлар мустақиллиги ва фуқаролар ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлайди.

«Бош прокуратура ва Ҳарбий прокуратура барча идоралар фаолияти қонунийлигини назорат қилади. Агар сиз нима учун Тергов қўмитасини яратишимиз керак деб сўрасангиз, биз давлатнинг келажаги ва барқарорлиги ҳақида ўйлашимиз керак, деб жавоб бераман», — деб тушунтирди президент «Кабар»га берган интервьюсида.

Жапаров мамлакатда адолатсиз тергов ҳолатлари содир бўлаётганини тан олди, чунки Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбарлари терговчилар томонидан «оёғидан чалинган» одамларга қарши иш очишни талаб қилишлари мумкин.

«Тергов қўмитаси тўғридан-тўғри президентга ҳисобот беради. У шунчаки тезкор ходимлар ёки вазирлар томонидан қўзғатилган «хом» ёки уйдирма ишларни қабул қилмайди. Жиноят ишлари қўзғатилмайди. Адолатсизликка учраган фуқаролар, албатта, панжара ортига тушмайдилар — улар дарҳол озод қилинади. Бу инсон ҳуқуқларига ҳурмат кўрсатилишини таъминлашнинг ягона йўли, агар 100% бўлмасада, камида 95%. Бу келажак авлодлар хавфсизлигини таъминлайди», — деб тушунтирди Жапаров.

Ислоҳот келаси йили бошланиши режалаштирилган.

«Биз бинолар ва техник инфратузилмани тайёрлаймиз. Фармон чиқарилади, тегишли қонун лойиҳалари Жогорку Кенешга (Қирғизистон парламенти) тақдим этилади ва улар қабул қилингандан сўнг ташкилий ишлар бошланади», — деди Жапаров.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига келсак, у фақат ўзининг асосий функцияларига: разведка ва контрразведка, конституциявий тузумни ҳимоя қилиш ва терроризм, экстремизм, бандитизм ва гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашга эътибор қаратади.

«Қўмита айнан соҳаларда тергов ваколатларини сақлаб қолади. Улар иқтисодиётга аралашмайди. Ҳеч ким МХДҚ нима билан шуғулланаётганини ёки унинг ходимлари кимлигини билмаслиги керак. Ислоҳотдан сўнг, у КГБга (СССР Давлат хавфсизлиги қўмитаси – «Фарғона» изоҳи) ўхшаш ҳақиқий махсус хизмат бўлади», — деб таъкидлади Қирғизистон президенти.

ℹ️ Тергов қўмитасини ташкил этиш бўйича муҳокамалар февраль ойининг ўрталарида, Камчибек Ташиев бошчилигидаги МХДҚ раҳбариятининг истеъфоси ва Қирғизистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини тизимли равишда «қайта ишга тушириш» зарурлиги ҳақидаги баёнотлар фонида бошланди. Бир қатор мутахассислар янги органни ташкил этиш билан боғлиқ потенциал хавфларга ишора қиладилар.

Адвокат Канат Хасанов Тергов қўмитаси ғояси 2017 йилдан олдин ҳам муҳокама қилинганини ва тегишли қонун лойиҳаси устида ишлар аллақачон бошланганини эслатади. Унинг фикрича, Тергов қўмитасининг ўзи зарур, аммо кўп нарса унинг моделига боғлиқ. Агар янги органга фақат хизмат ваколатлари борасидаги жиноятлар юкланса, у ҳолда мазкур орган сиёсий босим воситасига айланиши мумкин, дея огоҳлантиради ҳуқуқшунос.

Республиканинг собиқ Бош вазири Феликс Қулов Тергов қўмитасини ташкил этиш ғоясини қизиқарли деб атади, аммо шошма-шошарликдан огоҳлантиради. Унинг фикрича, барча тергов функцияларини бир вақтнинг ўзида битта идорага ўтказиш ҳам ташкилий, ҳам молиявий жиҳатдан жуда қийин масала. Собиқ Бош вазир ҳудудий бўлимларга эга президент ҳузурида тергов хизматини ташкил этишни ва айрим тоифадаги лавозимга оид жиноятларни тергов қилиш масъулиятини унга ўтказишни таклиф қилади. Қулов давлатга хиёнат, жосуслик ва давлатга қарши бошқа жиноятлар ишларини Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси юрисдиксиясида қолдиришни тўғри деб билади. Умум жиноятлар ИИВ томонидан, солиқ жиноятлари эса ушбу ташкилот ичидаги ихтисослашган бўлинмалар томонидан тергов қилиниши керак. Собиқ Бош вазирнинг сўзларига кўра, бундай босқичма-босқич ёндашув тизимнинг ортиқча юкланишига йўл қўймайди ва бошқарув тартибсизликларининг олдини олишга ёрдам беради.

  • Тошкентда «Рассом ва табиат» XL юбилей кўргазмаси бўлиб ўтди

  • Нима учун Ўзбекистон яна бир бор газ тақчиллигига дуч келгани ва яна бир бор ёқилғи қуйиш шохобчалари фаолиятини чеклагани ҳақида

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Россия матбуоти «нато» снарядлари туфайли Қозоғистонга ҳужум қила бошлади