Ўзбекистон ҳукумати автоматлаштирилган пахта териш улушини камида 70% га оширишни режалаштирмоқда. Шу мақсадда, мамлакат 2026 йили 800 та пахта териш машинаси, шунингдек, 6000 та сеялка, трактор ва комбайн сотиб олади. Йил давомида жами 10 000 та техника сотиб олинади, бу эса умумий паркни 292 000 тага етказади. Расмийлар бу улкан режалар ҳақида президент Шавкат Мирзиёевга қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича йиғилишда маълум қилишди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.
Тегишли идоралар вакилларининг сўзларига кўра, соҳада механизация даражаси ҳозирда 81% ни ташкил этади. Хусусан, сўнгги йилларда 1756 та пахта териш машинаси сотиб олинди, машинада териш даражаси 52% га етди. Ўтган йили ушбу усул ёрдамида 2,1 миллион тонна пахта йиғиб олинди. Натижада қўл меҳнати улуши 1,8 баравар камайди.
Янги техникаларни фермерларга қулай шартларда лизингга бериш мақсадида халқаро молия институтларидан 400 миллион доллар жалб қилинади. Техникалар миллий валютада 2 йиллик имтиёзли давр билан 10 йилга 18 фоиз ставкада берилиб, кредит ставкасининг 8 фоизи бюджет ҳисобидан қоплаб берилади.
Йиғилишда мамлакатда қишлоқ хўжалиги машинасозлигини ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни кенгайтириш устувор вазифа экани таъкидланди. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, маҳаллий ишлаб чиқариладиган техника ва агрегатлар ҳажмини 5 баробарга, маҳаллийлаштириш даражасини қўшимча 10 фоизга ошириш лозим. Хусусан, 2026 йилда ишлаб чиқариш 6 минг донагача етказилиши, 2028 йилга қадар маҳаллийлаштириш кўрсаткичи ўзиюрар техникада 30-35 фоизга, осма ва тиркамали техникада 60-65 фоизга чиқарилиши режалаштирилган.
Техника ва агрегатларни сотиб олишда субсидиялашнинг амалдаги тизимини маҳаллийлаштириш даражаси 25 фоиздан юқори бўлган техникага татбиқ этилмоқда. Тақдимотда талаб юқори бўлган 3 турдаги импорт техника бўйича ҳам субсидия ажратишни йўлга қўйиш таклиф қилинди. Умуман, жорий йилда техника қийматининг 15 фоизини қоплаш учун 660 миллиард сўм (54,3 миллион доллар) субсидия йўналтирилиши кўзда тутилган.
Шу билан бирга, давлат раҳбарига Тошкент трактор заводи фаолиятини соғломлаштириш ва қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этилди. Бироқ, Мирзиёев матбуот хизмати бу борада тафсилотларни келтирмаган.
Банкларнинг фермерлар билан ишлашига, шунингдек, замонавий рақамли технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланишича, Агробанк 2025 йилда қишлоқ хўжалиги техникасини сотиб олиш учун 1,6 триллион сўм (131,6 миллион доллар) миқдорида кредит ажратган бўлса, бу кўрсаткич 3,9 триллион сўм (321 миллион доллар) гача ошади. Бундан ташқари, кредитлаш жараёнларини автоматлаштириш натижасида кредит ажратиш муддати 3 кундан 3 соатгача қисқартирилади.
Шунингдек, мижозларга комплекс қишлоқ хўжалиги хизматлари кўрсатилади. Бунда ҳар бир ҳудудда биттадан агрохизмат зоналари ташкил этилади ва уларда қишлоқ хўжалиги агенти фаолият юритади. Ушбу зоналарда фермерлар бир жойнинг ўзида банк, консалтинг, мониторинг, тупроқ таҳлили, кўчат етказиб бериш хизматлари, агроном маслаҳатидан фойдаланишлари, ўқув курслари ҳақида маълумот олишлари мумкин бўлади.
Бундан ташқари, банкнинг чорвачилик ва мевачиликда, сувни сарфини «ақлли» бошқаришда сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича пилот лойиҳаларни амалга ошириш, қишлоқ хўжалигида стартапларни молиялаштириш мақсадида устав капитали 100 миллиард сўмлик (8,2 миллион доллар) янги венчур компаниясини таъсис этиш борасидаги режалари ҳам кўриб чиқилди.



