Қозоғистон ҳукумати Каспий денгизини комплекс ўрганиш ва уни асраш, шунингдек, минтақанинг экологик барқарорлигини сақлаш учун 1,1 миллиард тенге (2,2 миллион доллар) ажратди, деб хабар беради Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати. Тегишли фармонни Бош вазир Олжас Бектенов имзолаган. Заҳирадан ажратилган маблағларни Қозоғистон Каспий денгизи илмий-тадқиқот институти олади.
«Молиялаш институтнинг илмий салоҳиятини оширишга ҳисса қўшади. Маблағлар денгиз мониторинги учун ускуналар сотиб олиш, шунингдек, гидробиологик ва гидрокимёвий лабораторияларни жиҳозлаш учун мўлжалланган. Бу тадқиқот институтига тўғридан-тўғри денгизда комплекс мониторингга ўтиш, шу жумладан гидрометеорологик ва биологик атроф-муҳит параметрларини тизимли кузатиш ва денгизнинг Қозоғистон қисмидаги жараёнлар бўйича илмий асосланган маълумотлар базасини кенгайтириш имконини беради», — дейилади хабарда.
Экология ва табиий ресурслар вазирлигига қарорни амалга ошириш учун барча зарур чораларни кўриш, Молия вазирлигига эса бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиш устидан қатъий назоратни таъминлаш топширилди.
Ўтган йил сентябрь ойида Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев БМТминбаридан мамлакатларни Каспий денгизини биргаликда сақлаб қолишга чақирди ва унинг майдони тез суръатлар билан саёзлашиб бораётганини ва бу «нафақат минтақавий муаммо, балки глобал хавотир. сигналидир» деганди.
Тўқаев сўнгги пайтларда халқаро форумларда мунтазам равишда Каспий денгизи муаммосига эътибор қаратади. Қозоғистон раҳбари Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитида сўзлаган нутқида денгизнинг саёзлашуви «экологик фалокатга яқинлашаётганини» таъкидлади.
Шу муносабат билан Тўқаев Остонада ШҲТ шафелигида Сув таҳлили марказини ташкил этишни таклиф қилди. Қозоғистон президенти 2026 йил апрель ойида Остонада БМТ билан ҳамкорликда минтақавий экологик саммит ўтказиш тўғрисидаги қарорини маълум қилди.



