Қозоғистон Олий суди чечен фаоли Мансур Мовлаевни Россияга экстрадиция қилиш тўғрисидаги қарорни тўхтатиб қўйди, у яна бир ой ҳибсда қолади. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати «Курсив» нашрига маълум қилди.
Бир кун олдин БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси Мовлаев шикоятини рўйхатга олди ва Қозоғистонни уни кўриб чиқилаётган вақтда экстрадиция қилмасликка чақирди.
Мансур Мовлаев Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировни қаттиқ танқид қилиши ва республикадаги инсон ҳуқуқлари бузилиши ва сиёсий қатағонларга қарши чиқиши билан танилган. 2020 йили фаол Россия Жиноят кодексининг 228-моддаси (у гиёҳванд моддалар савдоси учун жазоларни назарда тутади) бўйича уч йилга озодликдан маҳрум қилинган. Чеченистон мухолифати вакилларининг сўзларига кўра, бу иш уюштирилган.
2022 йили Мовлаев шартли равишда озод қилинган, аммо тез орада уни ўғирлашган ва Чеченистон полиция бўлимига олиб кетишган. У қочиб, Қирғизистонга ҳужжатсиз киришга муваффақ бўлган, шундан сўнг Россия уни экстремизмни молиялаштиришда айблаб, федерал қидирувга берган.
Қирғизистонда Мовлаев чегарани ноқонуний кесиб ўтгани учун қамоқ жазосини ўтаган ва расмийлар уни мамлакатдан депортация қилишга қарор қилишган, аммо у ўзи кетишга муваффақ бўлган.
2025 йил май ойида фаол Россия илтимосига биноан Қозоғистонда ҳибсга олинган. У 40 кунга қамоққа олинган, кейинчалик унинг ҳибсда сақлаш муддати бир неча бор узайтирилган. Ўша йилнинг декабрь ойида Қозоғистон расмийлари Мовлаевга қочқин мақомини беришдан бош тортди ва бир ой ўтгач, Бош прокуратура уни Россияга экстрадиция қилишни маъқуллади.



