Мирзиёев Сурхондарёда 7,1 миллиард долларлик қурилиш ва инвестиция лойиҳаларини ишга туширди

Шавкат Мирзиёев. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятида 7,1 миллиард долларлик 44 та янги қурилиш ва инвестиция лойиҳаларини ишга туширди. Рамзий тугма босиш маросими 26 февраль куни давлат раҳбарининг вилоятга ташрифи давомида бўлиб ўтди, деб хабар беради президент матбуот хизмати.

Салкам 6,3 миллиард долларлик 31 та лойиҳа уй-жой ва бошқа иншоотлар қурилишини ўз ичига олади. Хорижий инвесторлар ушбу ташаббусларда фаол иштирок этмоқда. Улар орасида Австрия, Германия, Нидерландия, Хитой, Ҳиндистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Россия ва Афғонистон компаниялари бор.

Президент Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, тоғ-кон саноати, геология, енгил саноат, мебелсозлик, озиқ-овқат, хизмат кўрсатиш ва туризм соҳаларида янги лойиҳаларнинг қурилиши ва фаолиятини бошлаб берди. Жумладан, Хитой, Туркия, Ҳиндистон, Покистон, Россия, Тожикистон ва маҳаллий инвесторлар иштирокида 741 миллион долларлик 13 та лойиҳа ишга туширилди.

Сурхондарё вилояти ҳокимиятининг маълумотларига кўра, ушбу лойиҳаларни амалга ошириш 18 000 иш ўрни яратиш, 82 триллион сўмлик саноат ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва экспортни 1,4 миллиард долларга етказиш имконини беради.

Маросимда Сурхондарёда тадбиркорлик сўнгги пайтларда жадал ривожланиб, минтақага инвесторларнинг қизиқиши ортиб бораётгани таъкидланди.

Ўтган йили вилоят ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 63,7 триллион сўмга етди. Йирик саноат корхоналари қарийб 30 тага, кичик корхоналар 4 минг 820 тага етказилиб, 18,8 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарди. 2,1 миллиард доллар қийматидаги хорижий инвестиция ўзлаштирилди. Дунёнинг 37 давлатига 483 миллион долларлик маҳсулот ва хизматлар экспорт қилинди.

Ҳозирда вилоятда уй-жой қурилиши ва энергетикадан тортиб фармацевтика ва туризмгача бўлган турли иқтисодий соҳаларни қамраб олувчи тахминан 1,6 миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилаётгани таъкидланди. Ўзбекистоннинг ушбу ташаббуслардаги ҳамкорлари орасида Россия, Хитой, Туркия, Покистон, Япония, Германия, Ҳиндистон ва Мўғулистон ишбилармонлари бор.

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Марказий Осиё республикаларининг Япония билан яқинлашувида кўз илғамас масалалар бор

  • Тошкентда Ўзбекистон гербини яратган рассом Анвар Мамажоновнинг график асарлари кўргазмаси бўлиб ўтмоқда

  • Тошкентда Чори Шамснинг «Туркий халқларнинг хаёлий мавжудотлари» кўргазмаси очилди