Қозоғистон шимолидаги шаҳар кафесида содир бўлган портлаш оқибатида етти киши ҳалок бўлди

Видеодан скриншот

26 февраль куни кечқурун Қозоғистон шимолида жойлашган Шучинск шаҳридаги «Центр плова» кафесида портлаш юз берган. Беш қаватли турар-жой биносининг қўшимча биносида газ портлаши натижасида ёнғин содир бўлди, деб хабар беради Курсив.kz.

Натижада етти киши ҳалок бўлган ва тахминан 20 киши жароҳат олган. Ярадорлардан беш нафари вертолётда вилоят касалхонасига етказилган. Ҳалок бўлганлар орасида 16 ёшли қиз ҳам бўлган.

Ақмола вилояти ҳокимияти матбуот хизмати Tengrinews.kz нашрига фожиа оқибатида муассасанинг олти ходими ҳалок бўлганини маълум қилган. Ҳалок бўлган 16 ёшли қиз ҳақидаги маълумотлар аниқланмоқда; маҳаллий ҳокимият унинг кафеда ишлаганми ёки йўқми текширмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, қиз кафеда ишлайдиган онаси билан бирга бўлган. Ҳокимият қизнинг онаси тирик эканини тасдиқлаган.

Вилоят Фавқулодда вазиятлар департаменти маълумотларига кўра, воқеа жойига етиб келган ўт ўчирувчилар ёнаётган кафедан бешта 50 литрли газ баллони ва иккита кислород баллонини ташқарига олиб чиқиб, бино ичида кейинги портлашларнинг олдини олишган. Ҳодисанинг сабаби ва ҳолатлари текширилмоқда.

Портлаш бўйича жиноий иш қўзғатилган. Қозоғистон Жиноят кодексининг 292-моддаси 3-қисми (Эҳтиётсизлик туфайли икки ёки ундан ортиқ одамнинг ўлимига сабаб бўлган ёнғин хавфсизлиги талабларини бузиш) бўйича тергов ишлари олиб борилмоқда.