Қирғизистонда имомларга Ислом қадриятлари орқали экология мавзусини муҳокама қилиш ўргатилади

MoveGreen фотосурати

Қирғизистонда MoveGreen экологик ташкилоти масжид имомлари ва мадраса ўқитувчиларини номозхонларга иқлим ўзгариши ва табиатни эъзозлашга оид мавзуларни Ислом қадриятлари нуқтаи назаридан уқдиришга тайёрлаш бўйича ишларни бошлади. Бу ҳақда Kaktus.Media хабар берди.

Ташкилот лойиҳани «Қирғизистондаги диний жамоалар ўртасида иқлимга оид таълим, хабардорлик ва алоқаларни яхшилаш» деб номлади. У Қирғизистон Табиий ресурслар, атроф-муҳит ва техник назорат вазирлиги, Дин ишлари ва миллатлараро муносабатлар бўйича миллий агентлик ва халқаро ҳамкорлар кўмагида амалга оширилмоқда.

Ташкилотчиларнинг сўзларига кўра, лойиҳа доирасида инсониятнинг атроф-муҳит билан муносабатлари муқаддас Қуръон ва ҳадислар орқали таҳлил қилинган. MoveGreen таъкидлашича, Ислом манбаларида табиатни эъзозлашга оид кўплаб маълумотлар мавжуд ва она заминга одамлар асраб-авайлаши шарт бўлган омонат сифатида қаралади.

Ушбу таҳлил асосида ташкилот Ислом нуқтаи назаридан иқлим таълимотига оид ўқув қўлланмасини тайёрлаган. Материаллар И. Арабаев номидаги Қирғизистон давлат университетининг Дин тадқиқотлари институти ва Тўқмоқдаги Ислом академиясига топширилган.

MoveGreen маълумотларига кўра, лойиҳа доирасида 60 та диний уламо — 30 та имом ва 30 та мадраса ўқитувчиси учун саккизта ўқув машғулотлари ўтказилган. Иштирокчиларга иқлим ўзгаришининг Қирғизистонга таъсири, жумладан, музликларнинг эриши, сув танқислиги, яйловлар деградацияси, қурғоқчилик ва сув тошқинлари ҳақида маълумотлар берилган.

Тренингдан сўнг имомлар жума хутбаларида экология ва иқлим ўзгаришига оид мавзуларни тилга ола бошладилар, мадраса ўқитувчилари эса талабалар учун тематик машғулотлар ўтказишни бошладилар.

Экология муаммолари Қирғизистон учун нозик масала бўлиб қолмоқда: мамлакат иқлим ўзгариши, музликларнинг эриши, сув танқислиги ва яйловлар деградацияси таъсирига дуч келмоқда. Айниқса совуқ мавсумда Бишкекда ҳавонинг ўта ифлосланиши иссиқлик электр станцияси фаолияти ва автомобиллар, ҳусусий секторларидаги уй печларидан чиқаётган тутунлар билан изоҳланмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ