Австралияда яшаётган 31 ёшли афғон алпинисти ва қочқин аёли Закия (River) Аҳмад 2026 йил 21 май куни Эверест чўққисини забт этган биринчи афғон аёли бўлди. Rukhshana Media ва Gowharshad Media хабарларига кўра, у дастлаб афғон қизларининг таълим олиш ҳуқуқи ва умуман аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича узоқ муддатли кампания доирасида чўққига кўтарилишни режалаштирган. 2025 йили Аҳмад махсус машғулотлардан ўтган ва GoFundMe маблағ йиғиш кампаниясини бошлаган. У «аёллар эркинлиги, таълими ва руҳий саломатлиги учун» ва толиблар даврида мактабга бориш имкониятидан маҳрум бўлган «Афғонистон қизлари учун» Эверестни забт этмоқчи бўлганини тушунтирган.
Чўққини забт этгандан сўнг Аҳмад дарҳол Афғонистондаги аёллар ва қизларнинг аҳволидан хабардор бўлиш учун маблағ йиғиш кампаниясини кучайтирган. У ўз ташаббусини «дунёга» йўналтириб, толиблар ҳокимият тепасига қайтганидан сўнг қарийб беш йилдан бери ўрта ва олий таълим олиш имкониятидан маҳрум бўлган афғон аёллари ва қизларини қўллаб-қувватлашга чақиради. Аҳмад Эверестга чиққан биринчи афғон аёли сифатидаги мақомидан шахсий спорт ютуғи сифатида эмас, балки асосий ҳуқуқлардан маҳрум бўлганлар билан бирдамлик рамзи ва маблағ йиғиш воситаси сифатида — экспедиция харажатларини қоплаш ва келажакдаги таълим лойиҳалари учун фойдаланади.
Amu TV хабар беришича, Закия Аҳмад халқаро ҳамжамиятни «четда турмасликка» ва ҳуқуқлари мунтазам равишда бузилаётган афғон аёллари учун овоз бўлишга чақиради. Ҳисоботда шунингдек, Европадаги, хусусан, Германиядаги афғон фаоллари ва диаспора аъзоларининг ҳаракатлари таъкидланган, улар Афғонистонда қизлар учун мактаблар ва университетлар очишни талаб қилмоқдалар.
Закия Аҳмад ёшлигида толиблар ҳужумидан сўнг қочқин бўлишга мажбур бўлган.
Афғонистон ва халқаро оммавий ахборот воситалари томонидан келтирилган нутқлари ва мурожаатларида Аҳмад ўзининг мақсади — нафақат афғон хотин- қизларини шахсий ибрати билан тўсиқларни енгишга илҳомлантириш, балки ҳақиқий ўзгаришлар учун ресурслар ва эътиборни сафарбар этишдан иборат эканиини айтади. У аёллар ҳуқуқлари мавзусини қочқинлар ва руҳий саломатлик тажрибаси билан боғлайди ва таълимдан маҳрум бўлиш, уруш ва мажбурий миграция бутун бир авлод афғон аёлларига кўп қатламли жароҳат етказаётганини таъкидлайди.



