Ўзбекистонда муҳим минераллар ишлаб чиқаришнинг тўлиқ циклини яратишга 4,2 млрд доллар йўналтирилади

ЎзТМК матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистонда 2030 йилга қадар муҳим минераллар конларини ўзлаштириш ва уларни чуқур қайта ишлашни ташкил этишга қаратилган 120 та лойиҳани амалга ошириш учун 4,2 миллиард доллар инвестиция киритилади. Хомашё базасини ривожлантириш режалари Шавкат Мирзиёев ҳузурида ўтказилган тақдимотда кўриб чиқилди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур инвестициялар ҳисобига соҳа ҳажмини 2028 йилга бориб 1 миллиард долларга, 2030 йилга келиб эса 2 миллиард долларга етказиш режалаштирилган.

Мамлакатда бу йўналишда катта салоҳият бор. Лекин ҳозирги вақтда Ўзбекистон технологик металлар комбинатининг асосий фаолияти асосан вольфрам ва молибден ишлаб чиқариш билан чекланиб қолмоқда. Ваҳоланки, янги конларни ўзлаштириш, бойитиш фабрикалари, гидро ва пирометаллургия заводларини қуриш орқали 28 турдаги муҳим минералларни саноат даражасида ишлаб чиқариш имконияти мавжуд.

2026 йилнинг ўзида 166 миллион долларлик 12 та лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган. Натижада юқори софликдаги селен, теллур ва рений каби 3 турдаги янги металл, кукун металлургияси асосида автодеталлар сингари 21 турдаги импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ҳамда сульфат кислотаси ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Шунингдек, янги қувватлар ҳисобидан юзлаб иш ўринлари яратилади, бюджет тушумлари ва экспорт имкониятлари ортади.

Вольфрам ва молибден бўйича “хомашё – қайта ишлаш – тайёр маҳсулот” занжирини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди. Бу орқали фақат концентрат ёки ярим тайёр маҳсулот эмас, балки юқори қўшилган қийматга эга металл кукунлари, қотишмалар, стерженлар, симлар, саноат учун деталлар ва бошқа тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш мақсад қилинган.

Бунинг учун Чирчиқ шаҳрида “Келажак металлари” фаолиятини кенг йўлга қўйиш белгиланган. Шунингдек илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари маркази (R&D) ҳамда геология, тоғ-кон саноати ва металлургия соҳаларидаги лойиҳалар учун замонавий таҳлилий хизматлар кўрсатувчи наноанализ лабораторияси ташкил этилади.

Лаборатория тўлиқ ишга туширилгандан сўнг, бир суткада мингтагача намунани таҳлил қилиш имконияти яратилади. Бу эса 6,5 миллион долларлик хизматлар импортини маҳаллийлаштириш ва қўшимча равишда 4 миллион долларлик хизматлар экспортини йўлга қўйиш имконини беради.

Шавкат Мирзиёев технопарк ва унинг резидентларига ер участкалари ва инфратузилмадан фойдаланиш бўйича қўшимча имтиёзлар бериш, шунингдек стартапларни молиялаштириш дастурини ишлаб чиқиш юзасидан топшириқ берди. У ерда илмий ишланмаларни тижоратлаштириш, стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, юқори софликдаги металлар ва инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун зарур шароит яратилади.

Бундан ташқари, Чирчиқда Марказий Осиёда муҳим минераллар бўйича ягона илмий-тадқиқот ва технологик марказни ташкил этиш кўзда тутилган.

Тақдимотда геология-қидирув ишларини кенгайтириш, истиқболли майдонлар ва конларни халқаро стандартлар асосида баҳолаш, шунингдек техноген чиқиндиларни қайта ишлаш муҳимлиги қайд этилди. Шу билан бирга, соҳадаги лойиҳаларни жадал амалга ошириш учун хорижий инвесторлар ва технологик ҳамкорларни фаол жалб қилиш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, рақамлаштиришни кенг жорий этиш ва сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Йиғилишда геология-қидирув ишларини кенгайтириш, техноген чиқиндиларни қайта ишлаш ва хорижий инвесторларни жалб қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Шунингдек, рақамлаштиришни жадаллаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Президент муҳим минераллар соҳаси янги саноат тармоқларини шакллантириш, экспортни кўпайтириш, технологик мустақилликни таъминлаш ва юқори малакали иш ўринлари яратишда катта аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

  • Нима учун Ўзбекистон яна бир бор газ тақчиллигига дуч келгани ва яна бир бор ёқилғи қуйиш шохобчалари фаолиятини чеклагани ҳақида

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Марказий Осиё республикаларининг Япония билан яқинлашувида кўз илғамас масалалар бор

  • Тошкентда Ўзбекистон гербини яратган рассом Анвар Мамажоновнинг график асарлари кўргазмаси бўлиб ўтмоқда