Қозоғистон Конституциявий суди «террорчилар рўйхати»га оид нормани текширишдан бош тортди

Макс Бокаев. Ижтимоий тармоқдан олинган фотосурат

Қозоғистон Конституциявий суди фаол Макс Бокаевнинг терроризм ва экстремизмни молиялаштириш билан боғлиқ шахслар рўйхатига киритиш ҳақидаги нормани инкор этишга оид мурожаатини рад этди.

Макс Бокаев ўзини мазкур рўйхатдан чиқаришни талаб қилиб, амалдаги қонунчиликда бу жараённинг аниқ механизми белгиланмаганини, бу эса фуқаролар ҳуқуқларининг қўшимча чекланишига олиб келаётганини таъкидлаган.

Конституциявий суд маълум қилишича, мурожаатчининг важлари аввал ҳам умумий юрисдикция судлари томонидан кўриб чиқилган. 2025 йил февраль ойида Атирау вилояти ихтисослаштирилган туманлараро маъмурий суди унинг даъвосини қабул қилишни рад этган, апрель ойида эса ушбу қарор вилоят суди томонидан ўз кучида қолдирилган.

Шунингдек, Конституциявий суд қонунчиликда ваколатли органларга рўйхатдан чиқариш ҳақида асослантирилган ариза билан мурожаат қилиш имконияти мавжудлигини қайд этди.

Суд қайд этишича, мазкур рўйхатга киритилиш муайян ҳуқуқий оқибатларга олиб келади, жумладан юридик шахсларни рўйхатдан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказишда чекловлар қўйилиши мумкин. Шу билан бирга, миллий хавфсизликни таъминлаш мақсадида айрим конституциявий ҳуқуқлар чекланиши мумкинлиги таъкидланган.

Натижада суд Макс Бокаевнинг мурожаати амалда давлат органлари ва судлар қарорларидан норозилик билдиришга қаратилгани, бундай қарорларни қайта кўриб чиқиш эса Қозоғистон Конституциявий суди ваколатига кирмаслиги ҳақида хулосага келган.

Макс Бокаев 2016 йилда Атирау шаҳридаги ер масаласига бағишланган намойишлардан кейин судланган эди. Кейинчалик у терроризм ва экстремизмни молиялаштириш билан боғлиқ шахслар рўйхатига киритилган. Фаолнинг айтишича, бу ҳолат унинг банк хизматларидан фойдаланиши ва меҳнат фаолияти билан шуғулланиш имкониятларини чеклаб қўйган.

“Азаттык Азия” радиоси эслатишича, Бокаев аввал ҳам мазкур рўйхатда бўлгани сабаб банк ҳисоб рақами оча олмаслиги, жамоатчилик фаолияти билан тўлиқ шуғуллана олмаслиги, сайловларда номзод сифатида қатнашолмаслиги, мол-мулк билан боғлиқ битимлар тузолмаслиги ва ҳатто жамоат транспортида йўл ҳақини тўлашда қийинчиликларга дуч келаётганини айтган. Унинг сўзларига кўра, ушбу чекловлар яна бир неча йил давом этиши мумкин.

Қонунга кўра, бундай ҳолатга тушган шахсга энг кам иш ҳақи миқдоридаги маблағдан фойдаланиш ҳуқуқи сақлаб қолинади. Ҳозирда бу сумма 85 минг тенгени (тахминан 174 доллар) ташкил этади. Макс Бокаевнинг таъкидлашича, рўйхатга киритилгани сабаб у доимий ишга эга эмас. Банк ҳисобларига қўйилган чекловларни бекор қилишни сўраб ваколатли органларга қилган мурожаатлари натижа бермаганидан сўнг, у Қозоғистон Конституциявий судига мурожаат қилган.

Қозоғистонда гаровга олиш, тақиқланган ташкилот фаолиятида иштирок этиш, ижтимоий, миллий, уруғчилик, ирқий, табақавий ёки диний адоват қўзғатиш каби қатор моддалар бўйича судланган шахслар автоматик равишда терроризм ва экстремизмни молиялаштириш билан боғлиқ шахслар рўйхатига киритилади. Шундан кейин улар амалда банк, суғурта ва нотариал хизматлардан фойдаланиш имкониятидан маҳрум бўлади.

Мазкур рўйхатни Молиявий мониторинг агентлиги юритади. Агар 2016 йилда унда тахминан 500 нафар киши бўлган бўлса, 2023 йилга келиб уларнинг сони 1500 нафардан ошган. Ҳуқуқ ҳимоячилари мазкур рўйхатга киритиш амалиётини танқид қилиб, у собиқ маҳкумлар учун қўшимча чекловлар ва тўсиқлар яратишини таъкидлайдилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ