Судгача ҳибсда сақланаёганига қарши норозилик сифатида очлик эълон қилган “КазТАГ” ахборот агентлиги бош муҳаррири Амир Касенов умрининг икки куни қолганини маълум қилди. У бу ҳақда 22 июнь куни бўлиб ўтган суд мажлисида таъкидлади, деб хабар беради “КазТАГ”.
»Ўлим олдидан сўнгги тилагим — хотинимни кўриш. Икки кунлик умрим қолди. Менинг қарорим сизнинг ноқонуний қарорларингиз туфайли», — деган Касенов видеоалоқа орқали.
Амир Касенов суд жараёнида «менинг жасадимни суд қилишингизга тўғри келади» деб огоҳлантирган.
Судья Ернар Қасимбеков уни мажлисга онлайн тарзда улаган. Касенов эса ўзини залга олиб келишларини сўраганини айтган. Бироқ, судья унинг судда видеоалоқа орқали иштирок этмоқчилиги маълум қилганда, Касенов бу маълумотни ёлғон деб атаган.
Касенов 15 июнь куни, унга нисбатан эҳтиёт чораси уй қамоғидан қамоққа ўзгартирилгандан сўнг, қуриқ очлик эълон қилган. 19 июнь куни у тергов ҳибсхонасидан шифохонага ётқизилгани маълум бўлган. Шу куни Олмаота шаҳар жамоат соғлиқни сақлаш бошқармаси унинг ҳаётига хавф йўқлигини маълум қилган.
Амир Касенов «атайин нотўғри маълумот тарқатиш» моддаси бўйича айбланаётгани маълум. Иш “КазТАГ”нинг «Фридом Финанс» компанияси фаолиятига оид эълон қилган материаллари билан боғлиқ.
2025 йилда агентлик компания ва унинг асосчиси Тимур Турлов ҳақида 250 дан ортиқ мақола чоп этган. Уларда фирибгарлик, молиявий пирамида ва мижоз маблағларини четга чиқариш каби айбловлар келтирилган. Компания бу даъволарни рад этган. 2026 йил февраль ойида Олмаотадаги Медеу туман суди брокернинг ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш ҳақидаги даъвосини қаноатлантириб, агентликни нотўғри деб топилган маълумотларни инкор этишга мажбур қилган.
2025 йил декабрь ойида “КазТАГ” бош директори Асет Матаев ва бош муҳаррир Амир Касенов атайин ёлғон маълумот тарқатиш иши бўйича гумондор деб топилган. Кейинчалик Матаевга қарши жиноий иш тўхтатилган.
Ўз навбатида, Касенов уй қамоғида бўлганида Қасим-Жомарт Тўқаевга видео мурожаат йўллаган. У жиноий таъқибни касбий фаолияти билан боғлаб, процессуал ҳуқуқлари кўп маротаба бузилганини маълум қилган.



