«Чегара билмас мухбирлар» (RSF) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти судгача ҳибсда очлик эълон қилган “КазТАГ” ахборот агентлиги бош муҳаррири Амир Касеновнинг соғлиғи ҳақида хавотир билдирди ва уни озод қилишга чақирди, деб хабар беради ташкилот ўзининг Telegram-каналида.
«RSF очлик эълон қилгани ва ҳибсда сув ичишдан бош тортгани учун касалхонага ётқизилган “КазТАГ” бош муҳаррири Амир Касенов соғлиғи ҳақида жиддий хавотир билдиради. Расмийлар унинг хавфсизлигини кафолатлаши, уни озод қилиши ва журналистик фаолияти билан боғлиқ таъқибларни тўхтатиши керак», — деб таъкидлайди инсон ҳуқуқлари фаоллари.
Амир Касенов 15 июнь куни унга нисбатан эҳтиёт чораси уй қамоғидан ҳибсга олишга ўзгартирилганидан сўнг қуруқ очлик эълон қилган. 19 июнь куни у тергов ҳибсхонасидан шифохонага ётқизилгани маълум бўлди. Шу куни Олмаота шаҳар Жамоат саломатлиги бошқармаси унинг ҳаётига ҳеч қандай хавф таҳдид солмаётганини билдирган. Бироқ Касенов 22 июнь куни ўзининг «яшашига икки кун қолгани»ни маълум қилган.
Журналистнинг адвокати Акромат Мухтаров сўзларига кўра, ҳимоясидаги шахс бир кун аввал соғлиғи ёмонлашганидан шикоят қилган. У оғриқлар ва кучли жисмоний ноқулайликларни ҳис қилаётганини айтган.
Амир Касенов қасддан ёлғон маълумот тарқатишда айбланмоқда. Жиноят иши “КазТАГ” ахборот агентлигининг Freedom Finance ҳақидаги нашрлари билан боғлиқ. 2025 йили агентлик компания ва унинг асосчиси Тимур Турлов ҳақида 250 дан ортиқ мақола эълон қилган.
Ушбу материалларда фирибгарлик, молиявий пирамида ва мижоз маблағларини четга чиқариш каби айбловлар келтирилган. Компания бу даъволарни рад этган. 2026 йил февраль ойида Олмаотадаги Медеу туман суди компаниянинг ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш ҳақидаги даъвосини қаноатлантириб, агентликни нотўғри деб топилган маълумотларни инкор этишга мажбур қилган.
2025 йил декабрь ойида “КазТАГ” бош директори Асет Матаев ва бош муҳаррир Амир Касенов атайин ёлғон маълумот тарқатиш иши бўйича гумондор деб топилган. Кейинчалик Матаевга қарши жиноий иш тўхтатилган.
Касенов уй қамоғида бўлганида Қасим-Жомарт Тўқаевга видео мурожаат йўллаган. У жиноий таъқибни касбий фаолияти билан боғлаб, процессуал ҳуқуқлари кўп маротаба бузилаётганини маълум қилган.



