Олимлар: Амударёда сув миқдорининг камайишига инсон омили сабаб бўлган

Ижтимоий тармоқдаги фотосурат

Халқаро олимлар гуруҳи Амударё ҳолатини деярли юз йил давомида ўрганиб чиқиб, дарёнинг ўрта ва қуйи оқимларида сув миқдори ўртача 54–77 фоизга камайганини аниқлашди. Бу ҳодисанинг асосий сабаби иқлим ўзгариши эмас, балки инсон фаолияти экани қайд этилган. Бу ҳақда «Азия-Плюс» нашри ScienceDirect платформасида эълон қилинган тадқиқотга таяниб хабар берди.

Экспертлар 1931–2020 йиллар давомида Амударёдаги сув ҳажмларини ўрганган. Таҳлилда 1950 йилгача бўлган давр ҳозирги аср ҳолати билан солиштирилган. Тадқиқотда таъкидланишича, сув ресурсларининг камайиши биринчи навбатда инсон омили билан боғлиқ. Бу эса суғориладиган ерлар майдонининг кенгайиши, каналлар, сув омборлари, насос станциялари ва дарёнинг табиий оқимини ўзгартирадиган бошқа инфратузилма объектлари қурилиши билан изоҳланади.

Экспертлар қайд этишича, Амударёнинг бир қисми суви тоғли ҳудудларда шаклланади ва бу ерда қорнинг эриши ҳамда музликлар муҳим роль ўйнайди. Аммо дарёнинг ўрта ва қуйи оқимларида қишлоқ хўжалиги устун бўлиб, у сув ресурсларининг катта қисмини истеъмол қилади.

Тадқиқотга кўра, ўтган ўн йилликларда дарё ҳавзасида ҳарорат 0,51–0,83 даражага ошган, ёғингарчилик эса 6–13 фоизга кўпайган. Одатда бундай шароитда сув миқдори ошиши керак эди. Хусусан, олимларнинг баҳолашича, иқлим ўзгариши ҳисобига Амударё оқими 14–20 фоизга кўпайиши мумкин эди. Бироқ бу жараёнга инсон омили аралашган.

Натижада дарёнинг ўрта ва қуйи оқимларида оқим 114–120 фоизга камайган, юқори оқимларда эса 22 фоизга тушган.

1950 йилдан бошлаб Амударё ҳавзасида қишлоқ хўжалиги фаол ривожланди ва сув олишнинг 92 фоизи айнан шу соҳага тўғри келди. Қайд этилишича, дарёга яқин ҳудудлардаги экин майдонлари 150 фоизга кенгайган бўлиб, асосан пахта, шоли ва буғдой етиштириш учун ажратилган.

Сув ҳажмининг камайиши Марказий Осиёнинг энг йирик дарёларидан бири бўлган Амударёнинг ирмоқларида ҳам кузатилмоқда. Мутахассислар Вахш, Қундуз, Қофирниҳон, Сурхондарё, Зарафшон ва Қашқадарё ҳолатини ўрганган. Бу ерларда сув камайиши 4 фоиздан 34 фоизгача бўлган.

Доклад муаллифлари минтақа давлатлари ҳукуматларини Амударё билан боғлиқ вазиятга алоҳида эътибор қаратишга чақиради. Хусусан, суғориш тизимларини модернизация қилиш, сув йўқотишларини камайтириш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, трансчегаравий дарёлар бўйича ҳамкорликни кучайтириш ҳамда қор, музлик, ёғингарчилик ва дарё оқимини доимий мониторинг қилиш зарурлиги таъкидланади.

Амударё — Марказий Осиёдаги иккинчи энг узун (Сирдарёдан кейин) ва сув миқдори жиҳатидан энг серсув дарё ҳисобланади. У Тожикистон, Ўзбекистон, Туркманистон ва Афғонистон ҳудудлари орқали оқиб ўтади. Дарё Орол денгизига қуйилади, аммо ҳозирги кунда у фақат кучли баҳор тошқинлари давридагина ушбу сув ҳавзасига етиб боради. Чунки дарё сувининг катта қисми қишлоқ хўжалиги экин майдонларини суғориш ва бошқа эҳтиёжлар учун сарфланади.