Қозоғистонда психологлар учун давлат реестри ва ягона талаблар жорий этилади

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев психологик фаолият тўғрисидаги қонунни имзолади. Унга кўра, психологларнинг давлат реестри жорий этилади ҳамда мутахассислар учун ягона малака талаблари белгиланади. Бу ҳақда 2 июль куни давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Ҳужжат фуқароларни онлайн маслаҳатлар бозорида фаолият юритаётган малакасиз мутахассислар ва сохта психологлардан ҳимоя қилишга қаратилган. Қонун лойиҳаси муҳокамаси чоғида сенатор Асем Раҳметова таъкидлашича, «ҳозирги кунда сохта психологлар ва турли ''коуч''лар кўпайиб кетган, улар маслаҳат бериш орқали пул топмоқда. Уларга ишонган кўплаб одамлар эса алдов қурбонига айланган».

Мазкур қонун Қозоғистонда илк бор психологик фаолиятни комплекс тарзда тартибга солиб, психологнинг ҳуқуқий мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайди.

Психологларнинг давлат реестрига соҳага оид олий маълумотга, тегишли дипломларга ҳамда халқаро сертификатларга эга бўлган мутахассислар киритилади.

Психологик фаолият билан шуғулланиш ва ўзини психолог деб аташ ҳуқуқига фақат давлат реестридан ўтган шахслар эга бўлади.

Қонун психологнинг касбий стандартини жорий этади. Унда таълим даражаси, касбий компетенциялар ва мутахассисларнинг малакасига нисбатан ягона талаблар белгиланади. Шунингдек, психологлар учун ягона касбий ахлоқ кодекси тасдиқланади. Унда махфийликка риоя қилиш, касбий масъулият ва компетентликка оид талаблар мустаҳкамланади. Психологик ёрдам сифатини ошириш мақсадида қонунда фақат илмий жиҳатдан асосланган ва синовдан ўтган методикалардан фойдаланиш назарда тутилган. Шунингдек, супервизия институти ҳам жорий этилади.

Қонунда психологик фаолият билан тиббий фаолиятни аниқ ажратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Психологларга тиббий ташхис қўйиш ва дори-дармон билан даволашни тайинлаш тақиқланади. Шунингдек, мутахассисларга психоактив моддалар ёки инсон онгига таъсир қилувчи бошқа усуллардан фойдаланишга ҳам йўл қўйилмайди. Ҳар қандай психологик хизмат кўрсатилишидан олдин мижозлар хабардор қилинган ҳолда ўз розилигини беришлари шарт бўлади.

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг биринчи ўринбосари Ербол Туякбаевнинг тушунтиришича,

қонунни қўллаш жараёнида давлат касбнинг номига эмас, балки кўрсатилаётган хизматнинг мазмунига баҳо беради. Агар шахс ўзини коуч, ментор ёки мураббий сифатида таништирса-ю, амалда фуқароларнинг эмоционал ҳолатига таъсир кўрсатувчи хизматлар кўрсатаётган бўлса, бундай фаолият ҳам ушбу қонун билан тартибга солинади.

Давлат реестрини шакллантириш 2028 йилдан бошланади. Бу вақтга қадар мутахассислар сертификатлаш жараёнидан ўтиши ва янги талабларга тайёрланиши керак бўлади.

Қозоғистон Фан ва олий таълим вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатда психологлар 43 та олий таълим муассасасида тайёрланмоқда. Бакалавриат, магистратура ва докторантура дастурларида тахминан 17 минг талаба таҳсил олмоқда, йилига эса қарийб 4 минг нафар битирувчи диплом олади. Президент топшириғига мувофиқ, мамлакатнинг барча ҳудудларида психологик қўллаб-қувватлаш марказлари фаолият юритмоқда. Фақат ўтган йилнинг ўзида улар томонидан тахминан 50 мингта психологик маслаҳат хизматлари кўрсатилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ