Ўзбекистон Энергетика вазирлиги: мамлакатдаги нефть маҳсулотлари захиралари яқин икки-уч ойга етади

zamin.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон ойига 100 минг тоннадан ортиқ нефть маҳсулотлари ишлаб чиқаришини ҳисобга олганда, мавжуд захиралар яқин икки-уч ой учун етарли. Бу ҳақда Ўзбекистон Энергетика вазири биринчи ўринбосари Умид Мамадаминов маълум қилди, деб хабар беради «Газета.uz» нашри «Ўзбекистон 24» телеканалига таяниб.

Расмийнинг сўзларига кўра, мамлакатда нефть маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми йилига 1,2 миллион тонна кўрсаткичига етади. Бундан ташқари, хусусий тадбиркорлар хориждан яна қарийб 600–700 минг тонна нефть маҳсулотларини олиб келмоқда. Энергетика вазири ўринбосарининг таъкидлашича, бу орқали аҳоли эҳтиёжлари тўлиқ қопланмоқда.

Унинг қўшимча қилишича, бугунги геосиёсий вазиятда айрим давлатларнинг энергетик хавфсизлигига таҳдидлар юзага келмоқда. Шу боис нафақат нефть маҳсулотлари захираларини яратиш, балки уларни ишлаб чиқариш объектларини ривожлантириш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Мамадаминов республика президенти Шавкат Мирзиёевнинг куз-қиш мавсумида аҳолини электр энергияси, газ ва ёқилғи билан узлуксиз таъминлаш бўйича топшириқларини бажариш борасида алоҳида ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.

Бу йўналишда Энергетика вазирлиги ўзининг тизимдаги тузилмалари билан ҳамкорликда аниқ вазифалар ва чора-тадбирларни белгилаб олган. Вазирликда ишчи бригадалар сони, захиралар ва бошқа масалалар бўйича аниқ ҳисоб-китоблар мавжуд.

«Ишончим комил, бутун тизим ташкилотларимиз, ҳудудлар ва бошқа тармоқ вакиллари билан биргаликда куз-қишни беталофат ўтказамиз», — деди Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари.

Расмий статистикага кўра, жорий йилнинг январь–май ойларида Ўзбекистонда бензин ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 3 фоизга ошиб, 502,2 минг тоннани ташкил этган. Бироқ, баҳор охирида салбий динамика кузатилган. Масалан, апрель ойида республика нефтьни қайта ишлаш корхоналари 104,3 минг тонна автомобиль ёқилғиси ишлаб чиқарган бўлса, май ойида бу кўрсаткич 84,7 минг тоннага тушган.

Шу билан бирга, «Ўзбекнефтгаз» давлат компанияси дизель ёқилғиси ва мазут ишлаб чиқариш режасини бажара олмаганини маълум қилди. Расмийлар бунинг сабаби сифатида геосиёсий вазият туфайли хомашё импортига қўйилган чекловларни кўрсатади.

Компания жорий йил охирига қадар аввал белгиланган кўрсаткичларга «етиб олиш»ни режалаштирмоқда. Шунингдек, «Ўзбекнефтгаз» куз-қиш мавсумига фаол тайёргарлик кўрмоқда, хусусан, ёқилғи-мойлаш материаллари ва автомобиль ёқилғиси захираларини шакллантирмоқда. Эслатиб ўтамиз, республика президенти бензиннинг 120 минг тонна ҳажмдаги захирасини яратиш вазифасини белгилаган эди.

Ёқилғи танқислиги унинг нархига ҳам таъсир кўрсатган. Жумладан, июнь ойи охирида Ўзбекистонда АИ-92 маркали бензиннинг биржа нархи тарихий юқори кўрсаткични янгилаб, тоннаси 13,92 миллион сўмга (1157 доллар) етганди. Таҳлилчилар ҳисоб-китобларига кўра, ўтган ойда бензин нархи 11 фоиздан ортиққа қимматлашган.

Бундай вазият Россиядаги инқироз фонида кузатилмоқда, у ерда бензин етишмовчилиги жиддий муаммога айланмоқда. Шу сабабли апрель ойидан автомобиль ёқилғисини экспорт қилишга тақиқ жорий этилди. Бироқ, бу чора ҳукуматлараро келишувларга тааллуқли бўлмаслиги керак, хусусан, Ўзбекистонга бензин етказиб бериш ҳам шундай келишувлар асосида амалга оширилади.

Россиядаги салбий вазиятнинг сабаблари Украина дронларининг энергетика инфратузилмаси объектларига қилган зарбалари билан боғлиқ. Хусусан, ҳозирга қадар Россиядаги энг йирик ўнта нефтни қайта ишлаш заводидан саккизтаси дрон ҳужумларига учраган. Шу муносабат билан Москва нафақат хорижга, жумладан Марказий Осиё давлатларига ёқилғи етказиб беришни қисқартирди, шунингдек Ҳиндистон ва Беларусь каби хорижий ҳамкорлардан бензин харид қилишни фаол равишда бошлади.